19 апрель куни Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) ўртасида мамлакатнинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш жараёнига кўмаклашишга қаратилган битим имзоланди, деб хабар берди ФТА «Газета.uz»га.

Ҳамкорликдан кўзланган мақсад «яшил» иқтисодиётнинг янги стратегик механизмини тайёрлаш, молиялаштириш ва амалга оширишдан иборат бўлиб, унинг марказида Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш ётади.

Ҳамкорлик 5 йилга мўлжалланган. Биринчи кредит шартномаси қиймати 150 млн еврони ташкил қилади. Кредит маблағлари Ўзбекистон Молия вазирлиги Ғазначилигига тақдим этилади. Кредит изчил иқтисодий, бюджет ва фискал стратегия билан қўллаб-қувватланадиган ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга қаратилган.

Техник ҳамкорлик дастури доирасида бир вақтнинг ўзида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига стретегик механизмни ишлаб чиқиш, уни давлат молиясига (солиқ сиёсати, давлат компанияларини барқарор бошқариш, «яшил» бюджет) ҳамда секториал сиёсий чоралар ва дастурларда (қайта тикланувчи энергия манбалари ва бошқалар) мужассамлаштиришда кўмак кўрсатилади.

«Дастур Ўзбекистонга ресурслар ва углевод ташламалари борасида янада самарали моделга ўтишига хизмат қилади. Бу Ўзбекистонда атроф-муҳитга чекланган миқдорда таъсир кўрсатган ҳолда ҳам бандликни таъминлаш, ҳам иқтисодий ўсиш имконини бериши мумкин», — дея таъкидлади ФТАнинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Вансон Копэн.

««Яшил иқтисодиётга ўтиш биз танлай оладиган эмас, балки биз қилишимиз керак бўлган нарсадир. Кейинги ривожланиш стратегиямизда яшил иқтисодиётнинг аҳамияти бир неча бор таъкидланади. Ушбу мақсадга эришиш учун биз бир нечта лойиҳаларни ишлаб чиқдик ва ФТАдан олинган ушбу ёрдам ишнинг давом этиши учун асосдир. Бу ҳали бошланиши, чунки биз бу йўналишда ФТА билан ҳамкорликда ишлашни давом эттирамиз», — деди молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов.

«Ўзбекистон президенти яшил иқтисодиётни ўзининг устувор йўналишлари қаторига қўйганини мамнуният билан олқишлайман. Франция ҳам яшил масалаларни кун тартибига қўймоқда. Бу ишонч ва дўстликка асосланган юқори сифатли икки томонлама муносабатларимизнинг навбатдаги босқичидир», — деди Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Орелия Бушез.