Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб автомобилнинг олд ўриндиғида ўтирган йўловчилар хавфсизлик камарини тақиб олишлари шарт бўлади. Аввалроқ хабар берганимиздек, бу янгиланган Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган.

18 апрель куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИВ вакили Азиз Раҳматуллаев йўловчининг ўзи хавфсизлик камарини тақмагани учун жаримани тўлашини, чунки қоидабузар унинг ўзи эканлигини айтди.

«Агар йўловчи хавфсизлик камарини тақмаса, у ҳуқуқбузарлик субъекти ҳисобланади. Йўловчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиши кўзда тутилган», — деди у.

Унга кўра, жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг ярмини ёки 135 000 сўмни ташкил этади. Худди шундай жазо Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси 1-қисмига мувофиқ ҳайдовчига ҳам назарда тутилган. Ушбу кодексга йўловчиларнинг жавобгарлиги бўйича ҳали ўзгартиришлар киритилмаган.

Февраль ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда йўл ҳаракати қоидалари эскиргани ва халқаро стандартлардан келиб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасида янгиланиши кераклигини айтган эди. Бироқ, ҳукумат қоидаларни кўп муҳокама қилмасдан қабул қилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати лойиҳа жамоатчилик билан муҳокама қилинмагани ҳақидаги гапларга қўшилмади. Ноябрь ойида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида лойиҳа эълон қилинган эди, бироқ муҳокама деярли эътиборсиз ўтиб кетди — унинг остида атиги 6 та изоҳ қолдирилган.

Эслатиб ўтамиз, Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, ҳайдовчи ҳаракат бошланишида йўловчиларни хавфсизлик камарини тақиши ҳақида огоҳлантириши керак.

Автомобилни ортга ҳайдаётган ҳайдовчилар ва йўналишли такси ҳайдовчилари эндиликда хавфсизлик камарини тақишлари шарт бўлади.

Автомобилларда ҳомиладор аёллар, саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган беморларга аввалгидек хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берилади (фақат бу ҳақда тиббий маълумотнома бўлиши кераклиги бўйича талаб пайдо бўлган).

Орқа ўриндиқларда 7 ёшгача бўлган болаларни махсус болалар ўриндиғида, 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларни махсус ушлаб турувчи мосламали хавфсизлик камарини таққан ҳолда ташиш, транспорт воситасининг орқа ўриндиғидаги йўловчилар ҳам хавфсизлик камарини тақиб олишлари тавсия этилади.