Навоий вилоятида 4 нафар маҳаллий бошқарув органлари ходими Сайлов кодексига зид равишда бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари вилоят кенгашида депутатлик мақомини сақлаб турибди. Уларнинг аризаси олинган бўлса-да, ҳозирги қадар депутатликдан четлатилмаган.

Аввалроқ уларнинг икки нафари — Кармана тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Тоҳир Ўринов ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги котибият мудири Мақсуд Нуруллаев ҳақида ёзгандик.

«Газета.uz» ўқувчиларининг маълум қилишича, депутатликни давом эттираётганлар орасида Навоий вилояти ҳокимининг матбуот котиби Бектемир Пирнафасов ҳам бор.

Ўрганишлар давомида Пирнафасов Бектемир Саидович халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши депутатлари рўйхатида ЎзЛиДеП партиясидан аъзо сифатида кўрсатилгани аниқланди.

Навоий вилояти ҳокими в.б. Нормат Турсуновнинг 2021 йил 29 декабрдаги қарори билан Пирнафасов вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари — матбуот котиби лавозимига тайинланган. Бунга асос қилиб, унинг аризаси ва АОКАнинг 2021 йил 29 октябрдаги тавсияси кўрсатилган.


Қолаверса, Бектемир Пирнафасов Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғининг 2021 йил 19 октябрдаги буйруғига асосан вилоят ҳокимлиги муассислигидаги «Дўстлик байроғи» ва «Знамя Дружбы» газеталари таҳририяти МЖЧ директори вазифасини бажарувчи ҳисобланади. Газета веб-саҳифасида у бош муҳаррир сифатида ҳам кўрсатилган.


Бундан ташқари, Вилоят кенгашининг «Адолат» партиясидан депутати Ризоқулов Хусниддин Салимтошевич 8 февраль куни Хатирчи тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган. Ундан ҳам ариза олинган, бироқ кенгаш депутатлик мақомини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилмаган.

Сайлов кодексининг 90-моддасига мувофиқ, судьялар, прокуратура органларининг ва ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахслари (бундан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари мустасно) депутат этиб сайланган тақдирда, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза бериш шарти билан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинади.

«Газета.uz» мухбири билан суҳбатда Навоий вилояти сайлов комиссияси котиби Фурқат Холбўтаев уларнинг барчасидан депутатлик мақомини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида ариза олинганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бўшаб қолган ўринларга қайта сайлов ўтказиш маблағ билан боғлиқ масала.

«Энди буларнинг ҳаммаси маблағга келиб тақалади. Битта округга сайлов ўтказишнинг анча ўзига яраша [харажатлари] бор. Бўлади, ҳаммаси режа билан қилинади. [Уларни ваколатини] тугатади, булар яқинда ўтди-ку ҳали. Уни бирдан депутатликдан олган билан сайлаган халқ бор, тўғрими? Ўзининг муддати, иш жараёнлари бор. Иш кетяпти. Битта-битта эмас, бирдан олиняпти-да», — деди Фурқат Холбўтаев.

15 апрель куни Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши котибияти мазкур ҳолатга ўз муносабатини эълон қилди. Унга кўра, 2021−2022 йилларда жами 4 нафар депутат ижро ҳокимияти органларида фаолият бошлаган. Таъкидланишича, бўшаб қолган депутатлик ўринларидан бири (55-Навоий сайлов округи)га 8 май куни сайлов ўтказилиши белгиланган.

Шунингдек, 2021−2022 йилларда жами 4 нафар депутат ижро ҳокимияти органларида фаолият бошлаган (жумладан, Т.Ўринов ва М.Нуриллаев) бўлиб, улар ўз хоҳишига кўра белгиланган тартибда депутатлик ваколатини муддатидан олдин тугатиш ҳақида халқ депутатлари вилоят Кенгашига ариза тақдим этишган.

Аввалроқ, Кармана тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Тоҳир Ўринов ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги котибият мудири Мақсуд Нуруллаев бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари вилоят кенгашида депутатлик қилаётгани ҳақида ёзгандик.

«Газета.uz» мухбири билан суҳбатда Навоий вилояти ҳокими матбуот котиби Бектемир Пирнафасов уларнинг депутатлик мақомини тугатиш бўйича аризаси олингани, бироқ ҳозирда ҳам депутат мақомини сақлаб қолаётганини тасдиқлаганди.

«Бу ҳолат фақат Навоий вилоятида эмас, бошқа вилоятларда ҳам бор. Мен аниқ биладиганим, Хоразмда бор, Самарқандда ҳатто тўртта бор. Ҳар битта вилоятда камида 2−3 тадан бор. Бу катта фожиа эмас, бундан нимадир ясаш керак эмас… Буни яширмаймиз, бу Сайлов кодексига зидлигини бу ерда (Навоий вилояти назарда тутилмоқда — таҳр.) ҳам биламиз», — деганди Бектемир Пирнафасов.

Эътиборлиси, Тоҳир Ўриновнинг 2 февралда аризаси олинганига қарамасдан, у вилоят кенгашининг 8 апрелдаги қарори билан маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси этиб тасдиқланган.

Навоий вилояти ҳокими матбуот котиби ҳам унинг ҳозирда депутат сифатида фаолият кўрсатаётганини инкор қилмади. «Ўзининг иши битмай, бу бошқа битта ишни ҳам қилиши, энди ўзингиз биласиз, ҳозир ҳокиму, ҳоким ўринбосарларида қанча шундай вазифалар бор. Аслида у инсон (Тоҳир Ўринов — таҳр.) фидойилик қилиб, ўз ишидан ортиб, бу ишни, комиссия раисию бошқасини ҳам қиляпти-да, аслида», — дея тушунтирганди Бектемир Пирнафасов.

«Газета.uz» юқоридаги ҳолатлар юзасидан ҳуқуқий баҳо олиш мақсадида Бош прокуратурага сўров юборади.