Навоий вилояти Кармана тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Тоҳир Ўринов бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари вилоят кенгашида ҳам депутатлик қилмоқда. Бу Сайлов кодексига зид. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Бектемир Пирнафасов мазкур ҳолатга изоҳ берди.

Навоий вилояти ҳокимлиги сайтида эълон қилинган Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутатлари рўйхатига кўра, Ўринов Тоҳир Ботирович Хатирчи тумани 43-Оқдарё сайлов округидан халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши депутатлигига сайланган. Сайлов пайтида «Микрокредитбанк» АТБ Навоий вилояти филиали бошлиғи лавозимида фаолият юритган.


Тоҳир Ўринов 2022 йил 2 февралида Кармана тумани ҳокимининг молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — туман иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимига тайинланган. Туман ҳокимияти маълумотида ҳам у тайинловга қадар «Микрокредитбанк» АТБнинг Навоий вилоят филилали бошлиғи вазифасида ишлаб келгани қайд этилган.

Шундан сўнг, вилоят кенгаши томонидан депутатлик лавозимини муддатидан илгари тугатиш ҳақида Тоҳир Ўриновнинг аризаси олинган. Бироқ, вилоят кенгашининг 2022 йил 8 апрелдаги қарори билан Тоҳир Ўринов маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси қилиб ҳам тасдиқланган.


Сайлов кодексининг 90-моддасига мувофиқ, судьялар, прокуратура органларининг ва ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахслари (бундан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари мустасно) депутат этиб сайланган тақдирда, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза бериш шарти билан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинади.

Бундан ташқари, вилоят ҳокимлиги жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар котибияти мудири Нуруллаев Мақсуд Шарофович ҳам вилоят кенгашида депутат мақомига эга. У котибият мудирлигига тайинлангунга қадар Ўзбекистон халқ демократик партияси Навоий вилоят кенгаши раиси бўлган.


«Газета.uz»га Навоий вилояти ҳокими матбуот котиби Бектемир Пирнафасов уларнинг депутатлик мақомини тугатиш бўйича аризаси олинганини маълум қилди.

«Бу ерда ҳам сайлов қонунчилигини тушунишади, кенгашда Тоҳир Ўринов, Мақсуд Нуруллаев ва бошқа [депутатлар] давлат бошқарув органларига ўтаётган бўлса, фармойиш чиққан куннинг эртасидан бошлаб, кенгаш уларнинг ваколатини муддатидан илгари тугатиш бўйича аризаларини олган», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳокимият органларининг мансабдори депутатлик мақомини сақлаб қолган ҳолат нафақат Навоийда, балки барча вилоятларда ҳам мавжуд.

«Бу ҳолат фақат Навоий вилоятида эмас, бошқа вилоятларда ҳам бор. Мен аниқ биладиганим, Хоразмда бор, Самарқандда хатто тўртта бор. Ҳар битта вилоятда камида 2−3 тадан бор. Бу катта фожиа эмас, бундан нимадир ясаш керак эмас… Масала шундаки, бўшаб қолган ўринларга қайта сайлов ўтказиш масаласи республика даражасида бўлиб, ҳеч қайси вилоятда бошлангани йўқ. Бошланса буни ҳаммаси [кўриладиган масала сифатида] турибди. Туманларимизда ҳам бор бундай нарса. Буни яширмаймиз, бу Сайлов кодексига зидлигини бу ерда (Навоий вилояти назарда тутилмоқда — таҳр.) ҳам биламиз», — деди Бектемир Пирнафасов.

Унинг таъкидлашича, бу муаммонинг ичига кириб, бунинг сабабларини ўрганиш керак.

«Тажрибада бор нарсаки, Қонунчилик палатасидаги депутатлар ҳам қайсидир бошқарув органларидаги лавозимларга тайинланаяпти. Бўш ўринлар бор, чунки бу техник жараён. Қолаверса, вилоят кенгаши депутатларида ҳеч қанақа моддий ёки бошқа манфаатдорлик йўқ. Кимдир қайсидир давлат бошқарув лавозимида ва депутатликда ишлаётган бўлса, аслида уни фидокорлик дейиш керак», — дея таъкидлади у.

Ҳокимият вакили номзод масаласи ҳамма жойда ҳам муаммо эканлигини айтди.

«Ҳозирча бўшаб қолган ўринларга сайлов бўлиб ўтаётгани йўқ. Бўлиши керак эди, мисол учун кенгашимиз бошлаганди. Ўтган йили ноябрь ойида бизда ҳоким ўзгарди,… кенгаш, бошқа масалалар бироз чўзиб келинаяпти… Лекин, ҳали кўрасиз, Навоий биринчилардан бўлиб ўша бўшаб қолган ўринларни тўлдиради», — дея ишонтирди ҳокимлик вакили.

«Ўзини иши битмай, бу бошқа битта ишни ҳам қилиши, энди ўзингиз биласиз ҳозир ҳоким-у, ҳоким ўринбосарларида қанча шундай вазифалар бор. Аслида у инсон (Тоҳир Ўринов — таҳр.) фидоийлик қилиб, ўз ишидан ортиб, бу ишни, комиссия раиси-ю бошқасини ҳам қилаяпти-да, аслида», — дея тушунтирди Бектемир Пирнафасов.

У шунингдек, аризаси олинган бўлса-да, Тоҳир Ўринов депутатлар рўйхатида тургани ва доимий комиссияга раис этиб тайинланганини «яхши кадр» бўлгани учун дея изоҳлади.

Навоий вилояти сайлов комиссияси котиби Фурқат Холбўтаев Kun.uz нашрига берган изоҳида, бу ҳақиқатан сайлов қонунчилигига зидлигини тан олган ва ҳозирда ҳар иккала депутатнинг депутатлик ваколатини тугатиб, қайта сайлов ўтказиш ёки лавозимини ўзгартириш чоралари кўрилаётганини маълум қилган.