Тошкентнинг Миробод туманидаги 158-мактаб мактаб психологи А. Г. ўқувчи қизларига нисбатан номақбул хатти-ҳаракатлар содир этганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда Nemolchi.uz ўқувчиларнинг ота-оналари мурожаатига асосланиб хабар қилди.

Ушбу мактабнинг 3-синфида ўқийдиган қизнинг онаси ўз мурожаатида фарзандининг телефонида психолог ёзган смс-хабарга кўзи тушиб қолади. Қизини сўроқ қилганида, психолог қизларни 2−3 талаб ўз хонасига чақириб, аввалига яхши муомалада бўлади, тестлар ўтказади. Кейин эса тегажоғлик қилишни бошлайди.

«Кейинги сафарларда эса у қизларнинг турли жойларини ушлаб олар, силар ва ҳатто интим жойларини силаган. Ота-оналарга ҳеч нарса айтмасликни таъкидлаган. Қизим психолог 3-синфнинг кўплаб қизларига шундай ҳатти-ҳаракатлар қилгани, лекин улар ота-оналарга айтишга қўрқишларини айтди. Айрим ота-оналарнинг рақамларини билганим учун уларга дарҳол қўнғироқ қилдим. Бу рост экани аён бўлди. Айрим ота-оналар эса бундан ҳамон хабарсиз», — дейди она.

Яна бир қиз эса онасига психолог хонасига чақирганида унга беҳаё тасвирларни кўрсатганини билдиради.

«Мен 5-синф ўқувчисининг онасиман. Қизимдан мактаб психологи дарс пайти болаларни ўз хонасига олиб чиқиб, сексуал характердаги суратларни кўрсатиб, уларни яхшилаб томоша қилиб, нима кўришаётганини айтишни сўраганини билдим. Қизим у ерда яланғоч аёл тасвирланганини айтди», — дея маълум қилган у.

«Ота-оналарнинг сўзларига кўра, мактаб раҳбарияти ошкораликка йўл қўймаслик учун ўқитувчини ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатишди. Натижада мактаб директори вояга етмаганлар ишлари бўйича инспекторларни чақириб, ота-оналарнинг сўзларига кўра, уларни Ички ишлар вазирлиги ходимлари сифатида кўрсатган», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ота-оналардан бири кейинчалик психолог руҳий касалликлар шифохонасига кўрикдан ўтказиш учун жойлаштирилгани ҳақида хабар қилинади.

«Бизга қўнғироқ қилишларини айтишди. Орадан бир соат ўтгач, улар бизга қўнғироқ қилиб, психолог билан гаплашиш учун болаларимиз билан ички ишлар бўлимига суҳбатга таклиф қилишди. Психолог туман ички ишлар бўлимидан бўлади, деб ўйлагандик, лекин мактаб психологи Нозима таклиф қилинган экан. Мен нима учун ички ишлардан махсус психолог юборилмаганини сўрадим. Менга бизнинг болаларимиз бошқа психологдан қўрқиб, ҳеч нарса айтмасликлари мумкин, деб айтишди», — дейди оналардан бири.

Ота-оналарнинг қайд этишича, болалар суд-тиббий экспертизадан ўтказилган. Гинекологик курсида қизларни икки катта ёшли эркак кўрикдан ўтказган.

«Биз у ерда янаям кўпроқ руҳий жароҳат олдик. Болам тинмай йиғлади, психолог хонасидаги воқеалар етмагандек, ўтказган текширувлари ётган устига тепгандай бўлди. Илтимос, бизга ёрдам беринг, мактаб директоридан ҳам, ички ишлар бўлимидан ҳам жавоб ололмадик. Ҳамма жим, у даволаняпти дейишади, ҳолос. Биз ҳатто терговчимиз кимлигини ҳам билмаймиз», — дейилади ота-оналар мурожаатларидан бирида.

«Газета.uz» ҳодиса юзасидан изоҳ сўраб ХТВ матбуот хизматига мурожаат қилди. Вазирлик матбуот котиби психологга нисбатан тергов олиб борилаётганини маълум қилди.

«Айни дамда мактаб психологи ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилган ва унга нисбатан тергов-суриштирув ҳаракатлари бошлаб юборилган. Тергов натижалари юзасидан ХТВ қўшимча ахборот беради», — дейилади кейинчалик эълон қилинган баёнотда.

Бош прокуратура матбуот хизматининг Nemolchi.uz лойиҳасига аниқлик киритишича, психолог 2010−2013 йилларда туғилган қизларга тегажоғлик қилган.

«Айни пайтда мазкур шахс ушланиб, ўз қилмишига жавоб бера олиш фактини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳар руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳам баёнот берди. Унда айтилишича, 7 апрель куни 158-сонли мактабда психолог лавозимида ишловчи А. Г. (1963 й. Т.) вояга етмаган қизларга нисбатан уятсиз, бузуқ ҳаракатлар содир этгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 129-моддаси («Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш») билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи А.Г. шаҳар клиник психиотрия шифохонасига жойлаштирилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.