15 апрелдан аҳоли қўлида қолган метро жетонлари амалдаги йўл ҳақи асосида Тошкент метрополитени ДУК маъмурияти томонидан харид қилинади. Бу ҳақда корхона матбуот хизмати хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил ноябридан Тошкент метрополитенида йўловчилар учун жетонларни сотиш тўхтатилиб, автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилган эди.

Тошкент метрополитени маъмуриятининг «Газета.uz»га аниқлиқ киритишича, жетонлар ҳозирги чипта нархида — 1400 сўмдан сотиб олинади. Шунингдек, жетонлар фақатгина метрополитен маъмурияти биносида сотиб олинади, кассаллардан эмас.

Маълумот учун, «Тошкент метрополитени» ДУК биноси Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 16а-уйда жойлашган. Ишлаш вақти эса душанбадан жумага қадар, соат 9:00 дан 16:00 гача.