1 ноябрдан Тошкент метрополитенида жетонлардан фойдаланиш тўхтатилади, дея хабар қилди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га. Мазкур қарор йўловчиларнинг ягона транспорт карталари орқали йўл ҳақи тўловларни амалга ошириш кўламини кенгайтириш, автоматлаштирилган тизимнинг тўлақонли ишлаб кетиш жараёнини тезлаштириш, шунингдек, жамоат транспортида нақд пул муомаласидан воз кечиш мақсадида қабул қилинди.

Йўл ҳақи тўловлари ягона транспорт карталари орқали амалга оширилади. Ушбу карталар ҳисобини метро кассалари, ойлик йўл чипталарини сотиш шаҳобчалари, инфокиосклар, барча электрон тўлов тизимлари, шунингдек, АТТО — мобил иловаси орқали тўлдириш имконияти мавжуд.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда Тошкент метрополитенининг барча линияларидаги бекатлар йўл ҳақи тўловларини ягона транспорт карталари ва NFC банк карталари орқали амалга ошириш имкониятини берувчи статционар валидаторлар билан жиҳозланган.

Шу билан бирга пойтахтда йўловчиларга хизмат қилаётган «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга қарашли 1000 дан ортиқ автобусларнинг барчаси электрон карталар орқали тўловларни амалга ошириш имконини берувчи мобил ва статционар валидаторлар билан тўлиқ таъминланди.