Президент фармонига асосан Алишер Саидаббасович Султанов саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан энергетика вазири лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

У 2019 йилнинг февралидан бери Энергетика вазирлигига раҳбарлик қилиб келаётганди.

Алишер Султонов (1967 йилда туғилган) А. Ф. Можайский номидаги ҳарбий-муҳандислик институтини тамомлаган (1989). 1996−1998 йилларда «Ўзнефтқайтаишлаш» компанияси Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши бўйича шартномани бажариш бўйича дирекциясининг ускуна ва қурилмаларни тайёрлаш ҳамда қабул қилишни назорат қилиш бўйича бош мутахассис лавозимида ишлаган.

1998−1999 йилларда Шўртан газ-кимё мажмуаси қурилишида бош мутахассис, 1999−2002 йилларда — «Ўзбекнефтгаз» компанияси Шўртан қурилиши бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган.

«Шўртан газ-кимё мажмуаси» унитар шўъба корхонасига раҳбарлик қилди (2002−2013). 2013−2015 йилларда «Ўзбекнефтгаз» Прогнозлаштириш, ресурслар ва инвестицион дастурлар бош бошқармаси бошлиғи — бошқарув раисининг биринчи ўринбосари, 2015−2018 йилларда — «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси лавозимларида фаолият кўрсатди.

2017 йил 1 ноябридан бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаб келаётганди. 2019 йилда президент қарори билан бош вазир ўринбосарлари сони саккизтадан бештага қисқартирилиб, иккита маслаҳатчи лавозими жорий этилганди.