Ўзбекистон Президентининг фармони билан Алишер Султонов бош вазир ўринбосари — Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда «Газета.uz"га ҳукуматдаги ахборот манбаси хабар қилди. У 2015 йил ёзидан буён ишлаб келаётган «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси лавозимини ҳам сақлаб қолди.

Декабрдан бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Ғуломжон Ибрагимов Шукурулло Бобоев ўрнига Тошкент вилояти ҳокими в. б. бўлди. Вилоят маъмуриятидан «Газета.uz"га маълум қилинишича, Шукурулло Бобоев «фаолиятидаги жиддий камчиликлар ва ҳисобот кўрсаткичларидаги хатоликлар сабабли» лавозимидан озод қилинган.

Худди шундай сабаб билан Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқов ҳам бир йилдан камроқ вақт ишлаган мансабидан маҳрум қилинди. Унинг ўрнини Арнасой туманининг собиқ ҳокими Эргаш Солиев эгаллади.

Шунингдек, Тошкент ва Жиззах вилоятлари прокурорлари Жамшид Файзиев ва Азимжон Эргашев ҳам лавозимидан четлатилди. Азимжон Эргашев ўрнига Жиззах вилояти прокурори ўринбосари Исломжон Эргашхўжаев эгаллади.