11 апрелдан Қозоғистон Ўзбекистон, Қирғизистон ва Россия билан қуруқликдаги ўтказиш пунктларида Қозоғистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва хорижликларнинг давлат чегарасини кесиб ўтишига қўйилган чекловларни олиб ташлади. Бу қарор 6 апрель куни Қозоғистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича идоралараро комиссия томонидан эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашуви муносабати билан қабул қилинди, дея хабар берди Қозоғистон бош вазири сайти.

Шунингдек, Қозоғистон давлат чегарасини ҳаво орқали кесиб ўтиш бўйича ҳам барча чекловлар олиб ташланди.

Бунда Қозоғистон фуқаролари ва мамлакат ҳудудида яшаш учун рухсатномага эга бўлган хорижликлар ҳамда ўзаро эмлаш паспорти мавжуд бўлган чет эл фуқаролари учун ПЗР усулидан фойдаланган ҳолда Covid-19 тестининг манфий натижаси ёки эмлашнинг тўлиқ курсини тугатганлиги ёки қайта эмланганлик тўғрисидаги ҳужжатни (паспортни) тақдим этиш талаби сақланиб қолади.