2022 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ўсиши 4% ни ташкил этиши кутилмоқда, дея маълум қилди Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ўзининг 2022 йилги «Осиё тараққиёт истиқболлари» ҳисоботида.

Банк прогнозларига кўра, жорий йилда мамлакат ЯИМи 2021 йилда кузатилган 7,4% лик ўсишга нисбатан секинроқ суръатда ўсади. Ўсиш суръатининг секинлашиши мамлакатда хусусий истеъмолнинг қисқариши ва натижада саноат ҳамда хизматлар соҳаси кенгайишининг чекланиши билан изоҳланган. Шунингдек, 2023 йилда иқтисодий ўсиш 4,5% гача кўтарилиши мумкин, бироқ кескин ўзгарувчи ташқи муҳит ва COVID-19 вирусининг янги вариантлари пайдо бўлиши билан боғлиқ хатарлар мавжуд эканлиги айтилмоқда.

Банк прогнозларига кўра, 2022 йилда мамлакатда инфляция даражаси ўтган йилги 10,7% дан 9% гача, 2023 йилда эса 8% гача пасайиши кутилмоқда. Шунингдек, саноат соҳаси ўсиши суръати 2022 йилда 5% гача секинлашиб, 2023 йилда 5,5% гача қайта тикланиши прогноз қилинмоқда.

Қайд этилишича, пандемиядан кейин ялпи талабнинг пасайиши, шу билан бирга, хориждан пул ўтказмалари оқимининг қисқариши уй хўжаликлари даромадларининг ўсишига тўсқинлик қилади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатда 2022 йилда хусусий истеъмолнинг ўсиши 4,5% гача секинлашиши, 2023 йилда 5% гача тикланиши кутилмоқда.

ОТБга кўра, 2022 ва 2023 йилларда товар ва хизматлар экспорти, хусусан, мис, олтин, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва нефть-кимё маҳсулотлари экспорти 9% гача ўсади. Айни пайтда, транспорт хизматлари, импорт капитали ва оралиқ товарларга талабнинг қисқариши натижасида келгуси икки йилда товар ва хизматлар импортининг ўсиши қарийб 12% гача пасайиши прогноз қилинмоқда.

ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Синди Малвичинининг сўзларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда, асосан, саноат ва хизматлар соҳасининг кенгайиши ҳисобига «мустаҳкам ўсиш тикланиши» кузатилди.

«Саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашишни молиялаштириш тадбирларига хусусий секторнинг жалб қилиниши учун қулай муҳит яратиш ҳукуматнинг ўсиш бўйича устувор йўналишларини амалга тадбиқ қилинишига ёрдам беради», — дея қайд этган Синди Малвичини.

ОТБ, шунингдек, Ўзбекистонга яшил иқтисодиётга ўтишда ёдам бериш мақсадида айрим тавсиялар берган. Жумладан:

  • иқлимдан хабардорликни ошириш;
  • яшил иқтисодиётга давлат инвестицияларини режалаштириш бўйича институционал мувофиқлаштиришни кучайтириш;
  • яшил молиялаштиришни ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш.

Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик ва кредит кафолатларини кенгайтириш мамлакатда қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш ва бошқа муҳим инфратузилмага хусусий инвестицияларни жалб қилишда ёрдам бериши мумкинлиги қайд этилган.

Маълумот ўрнида, аввалроқ ЕТТБ Украинадаги урушнинг Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётига жиддий салбий таъсирини инобатга олган ҳолда, 2022 йилда Ўзбекистон ЯИМи ўсиши прогнозини 6% дан 4% гача пасайтирган эди.

Шунингдек, Fitch Ratings агентлиги 2022 йилда Ўзбекистоннинг реал иқтисодий ўсиш суръати прогнозини 3,1% гача пасайтирганлиги хабар қилинди.