Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси, тадбиркор Комил Алламжонов Uzmetronom.com сайти асосчиси Сергей Ежков устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида хабар берди.

«Хабарингиз бўлса, шу йилнинг 21 февраль куни Сергей Ежков ўзининг Uzmetronom.com сайтида „Бриллиантовый мальчик“ сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди. Унда мени 4 млн 200 минг долларлик тилла тақинчоқларни Ўзбекистонга ноқонуний олиб киришда шерикчиликда айблаган. Бу жуда жиддий айблов — бу Жиноят кодексининг 182-моддаси „Божхона тўғрисидаги қонунларни бузиш“ оғир жиноятини содир этиш. Ваҳоланки, бу ғирт туҳмат ва тўқима эртакнинг ўзгинаси.», — деб ёзади Комил Алламжонов.

«Ежков билан шахсан таниш эмасман, лекин 2016 йилга қадар одамлар орасида у гўёки айрим махсус хизматларнинг буюртмаларини бажариб келган, маълум шахсларнинг обрўсига путур етказиш қуроли сифатида ишлатиб келинган, деган гаплар юради. Албатта, мен буни аниқ билмайман», — деди у.

Сергей Ежков. Фото: «Фергана.Ру».

«Мен адвокат билан маслаҳатлашган ҳолда, ўз ҳақ-ҳуқуқимни ҳимоя килиш мақсадида Сергей Ежков устидан арз қилиб, ҳуқуқни муҳофаза килувчи органларга мурожаат қилдим. Ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, агар Ежков ўз мақоласида кўрсатган ҳолат бўйича далил-исбот келтира олмаса, унга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси, 3-қисми „а“ банди (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш) билан жиноий иш қўзғатилиши мумкин ва у қонун олдида жавоб бериши лозим бўлади», — деди Комил Алламжонов.

Тадбиркорнинг қўшимча қилишича, у тергов ва судга масаланинг моҳияти бўйича барча тўлиқ маълумотларни тақдим этишга тайёр.

«Бриллиант бола»

Uzmetronom.com сайтининг 21 февралдаги материалида қайд этилишича, дизайнер Жульетта Гурман 17 февраль куни «Аэрофлот» авиакомпанияси рейси билан Москвадан Тошкентга ташриф буюрган ҳамда мамлакатга қиймати 4,2 млн доллар бўлган олтин ва бриллиант олиб киришга уринган.

«Жульетта хотиржам эди, чунки унга жуда нуфузли шахс уни Тошкентда шахсан кутиб олиши ва тақинчоқларни олиб кетиши ваъда қилинганди. Бироқ, синчков ўзбек божхоначилари ундан юкини кўрсатишни сўраганида, хонимнинг қаттиқ жаҳли чиқди», — дейилади мақолада.

Жульетта Гурман. Фото: Afisha.uz.

Муаллифнинг ёзишича, аёл «нуфузли шахс»га қўнғироқ қилиб чақирган, шундан сўнг «Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов» аэропортга етиб келган.

«Хорижий манбага кўра (бу ерда Uzmetronom.com сайтида Eltuz.com сайтига гипер ҳавола бор — таҳр.), у дарҳол аэропорт раҳбариятини йиғиб, олтин ва олмослар сотиш учун эмас, совға учун олиб келинганини тушунтирган. […] Шундан сўнг, жамғарманинг ишончли вакили заргарлик буюмларини йиғиб, хотиржам жўнаб кетди», — дейилади хабарда.

Eltuz.com сайтида «Алламжонов 4,2 миллион доллар тиллани чегарадан қандай олиб ўтди?» сарлавҳали материал 23 февралда эълон қилинган бўлиб, маъно жиҳатидан Uzmetronom.com сайтидаги хабарга мос келади. Якунда таъкидланишича, ушбу материал биринчи марта Eltuz Telegram-каналига жойлаштирилган, у ерда 20 февраль куни Ўзбекистонга олиб кирилаётган заргарлик буюмлари ҳақидаги пост пайдо бўлган.

Eltuz.com ресурси ўзини «либерал демократик қадриятлар, сўз эркинлиги, илғор ва жамиятни яхши томонга ўзгартирмоқчи бўлганлар платформаси» деб таърифлайди. Ўзбекистон ҳудудида бу сайт фақат VPN орқали очилади.

Эски можаролар

Комил Алламжонов номи остидаги материаллар Uzmetronom.com сайтида вақти-вақти билан асосан, тадбиркорлик фаолияти, унга нисбатан хорижлик журналистлар томонидан олиб борилган текширувлар ва аввалроқ янги лавозимларга тайинланиши билан боғлиқ вазиятларда пайдо бўлиб туради. «Жуда қобилиятли йигит. Ëмон нарсаларга» номли материалда, Комил Алламжонов ўзининг шахсий тижорат манфаатларини илгари суриш учун маъмурий дастаклардан фойдаланишда катта тажрибага эга", дея қайд этилган.

Тадбиркор, ўз навбатида, ўзининг «Алламжонов айбдор» автобиографик китобида нашр бош муҳаррири Сергей Ежковни қайта-қайта тилга олган, хусусан, уни «Парпиевнинг жияни» сифатида «тайинлаган» деб даъво қилади.

«Менинг фамилиям ресурс саҳифаларини тарк етмади, менинг ҳар бир қадамим Сергей Александрович томонидан чиройли ва бадиий тарзда тақдим этилди, унинг услуби ҳамиша ажойиб бўлган, лекин материалларда фактлар кам бўларди», — деб Ислом Каримовнинг президентлик даврини эслайди Комил Алламжонов ўзининг китобида.