Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи жорий йил бошига нисбатан 16% га ёки 5,4 млрд долларга ошиб, 2022 йил 1 январь ҳолатига 39,6 млрд долларни ташкил қилди, дея маълум қилди Марказий банк ўз ҳисоботида. Бу 2021 йилда 69,23 млрд долларга баҳоланган ЯИМга нисбатан 57% ни ташкил этади.

Умумий ташқи қарз давлат қарзи ва давлат томонидан кафолатланган қарзлар (давлат ташқи қарзи) ҳамда кафолатланмаган ташқи қарзни (хусусий ташқи қарз) ўз ичига олади. Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, «хусусий» секторда, асосан, давлат улушига эга бўлган компаниялар ва банклар кўрсатилган (давлат банк секторининг 80% дан ортиқ улуши устидан ўз назоратини ўрнатган, шунингдек, UzAuto Motors ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ, НБУ, «Ўзсаноатқурилишбанк», умумий қиймати 1,92 млрд долларлик қарз қимматли қоғозларини жойлаштирган «Ипотека банк» каби компанияларга эгалик қилади ёки улушга эга).


Хусусан, 2021 йилда давлат ташқи қарзининг соф ўсиши, курслар ва нархлар ўзгаришини инобатга олганда 11% га ёки 2,4 млрд долларга ошиб, 23,7 млрд долларга етган. МБ изоҳ беришича, мазкур ўсиш давлат сектори томонидан 3,8 млрд доллар миқдорида қарздорлик жалб қилиниб, шундан қиймати 635 млн доллар миқдоридаги қимматли қоғозларни 3,9 фоиз ставкаси билан 10 йиллик муддатга ҳамда 2,5 трлн сўм қийматидаги қимматли қоғозларни 14,0 фоиз ставкаси билан 3 йиллик муддатга халқаро молия бозорида жойлаштирилиши ҳисобига юз берган.

2022 йилнинг 1 январь ҳолатига хусусий ташқи қарз 2021 йилнинг бошига нисбатан 24 фоизга ёки 3,0 млрд долларга ўсиб, 15,8 млрд долларга етган. Хусусий ташқи қарз ўсиши асосан банклар, энергетика сектори (нефт ва газ), тоғ кон ва металургия саноати ва бошқа секторлар ҳиссасига тўғри келади.


Қайд этилишича, 2021 йил давомида хусусий сектор томонидан 8,2 млрд доллар миқдоридаги қарз маблағлари жалб қилинган. Жумладан, 3,4 млрд доллар — банклар, 2,2 млрд доллар — нефтгаз ва энергетика секторидаги корхоналар, 971,2 млн доллар — тоғ-кон ва металургия саноати сектори ва 1,6 млрд доллар — иқтисодиётнинг бошқа секторлари ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, 2021 йилда давлат томонидан давлат ташқи қарзи бўйича 919,9 млн доллар миқдоридаги асосий қарз ва 370,9 млн доллар миқдордаги фоиз тўловлари амалга оширилган. Ўз навбатида, хусусий ташқи қарз тўловлари асосий қарз бўйича 4,5 млрд доллар ва фоиз тўловлари бўйича 523,3 млн долларни ташкил қилган.

Февраль ойида Шавкат Мирзиёев ташқи қарздорликни жалб қилиш ҳисобига янги метро линиясини қуриш, тиббиёт ходимлари ёки ўқитувчиларнинг иш ҳақларини оширишга эришилганлигини таъкидлаган эди.