Ўзбекистон Марказий банки ноябрь ойида дунёдаги бошқа молиявий регуляторлардан кўпроқ олтин сотди. Бу ҳақда Spot Жаҳон Олтин Кенгашининг (World Gold Council — WGC) ойлик маълумотларига таяниб хабар қилди.

Ҳисоботга кўра, ноябрь ойида жаҳон марказий банкларининг жами олтин захиралари 21,5 тоннага камайди. Бу 2021 йил январидан бери биринчи марта қисқартириш ҳисобланади.

Айнан ноябрь ойида олтин нархи охирги 5 ой ичида максимал даражага етди — ҳар унция учун 1866 доллар. Ўзбекистон эса олтинни энг юқори чўққисида сотишга ҳаракат қилмоқда.

Олтин Ўзбекистондан (21,5 тонна) ташқари Туркия (7 тонна), Россия (3,1 тонна) ва Қирғизистон (1,4 тонна) томонидан ҳам фаол сотилган.

Бошқа регуляторлар озроқ бўлса-да, олтин захираларини кўпайтирдилар. Ноябрь ойида қимматбаҳо металларнинг энг фаол харидорлари Қозоғистон (4,3 тонна), Польша (3,4 тонна) ва Ҳиндистон (2,8 тонна) Марказий банклари бўлди.

WGC дунё марказий банкларидан 2021 йил охиригача жами олтин захирасини оширишини кутмоқда. Биргина биринчи чоракда улар 100 тоннага яқин, иккинчи чоракда эса деярли 200 тонна харид қилишди.

2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида олтин савдоси Ўзбекистон Марказий банкига 4,1 млрд доллар даромад келтирди.Ушбу сумманинг 40 фоиздан ортиғи ноябрь ойига тўғри келди, дея гувоҳлик бермоқда Давлат статистика қўмитаси маълумотлари.

Ўзбекистон экспортидаги ноёб металнинг улуши 2020 йилнинг 11 ойида 40 фоиздан 2021 йилнинг шу давридаги 26 фоизга қисқарди. Бироқ олтин республиканинг энг йирик экспорт маҳсулоти бўлиб қолмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон ташқи активлари қиймати 2021 йилнинг уч чорагида, жумладан, олтин нархининг тушиши туфайли деярли 500 миллион долларга камайгани ҳақида хабар берилган эди.