Мактабгача таълим вазирлиги 1 апрелдан кучга кириши керак бўлган 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни боғчаларга қабул қилиш тартибини маълум қилди.

Унга кўра, 3 ёшгача бўлган болаларни қабул қилиш пуллик хизмат кўрсатиш шаклида амалга оширилади. Ушбу тартиб 3−7 ёшли болалар навбатда турган давлат мактабгача таълим ташкилотларига қўлланилмайди.

Гуруҳга болалар уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ва бола соғлиғи ҳолати тўғрисидаги тиббий хулоса асосида қабул қилинади. Ҳар бир гуруҳда болаларнинг сони 20 нафардан ортиқ бўлишига йўл қўйилмайди.

2 ёшли болалар учун қилинадиган тўлов миқдорини тегишли мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлинмаси ва боғча директори келишган ҳолда тасдиқлайди. Боғча раҳбари болаларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи қонуний вакили билан бола қабул қилинган куни ўрнатилган тартибда шартнома тузади.

Тўловлар 100% миқдорда олдиндан қилиниб, тижорат банклари орқали нақд пулда, пластик карточкада, электрон тўлов шаклда ёки пул ўтказиш йўли билан нақд пулсиз шаклда тўланади. Бунда, тўловнинг амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси мактабгача таълим ташкилотига тақдим этилади (электрон тўлов бундан мустасно).

Кўрсатиладиган хизматлар учун ҳисоб-китоблар боланинг давомат табели асосида ҳақиқий қатнаган кунларига қараб белгиланади. Болалар бюджет ёки бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига сотиб олинган воситалардан фойдаланиши мумкин.

Илк ривожланиш гуруҳларда тарбияланаётган бола 3 ёшга тўлган кундан бошлаб ота-она билан тузилган шартнома бекор қилинади ва ўрнатилган тартибда ташкилот директори томонидан расмийлаштирилади. Ундан сўнг 3−7 ёшли болаларга мўлжалланган гуруҳ ташкил қилиш учун етарлича болалар сони шакллангач, ўша ойнинг якунида Илк ривожланиш гуруҳлар фаолияти тўхтатилади ва бу ҳақда боланинг ота-онаси ёки унинг ўрнини босувчи қонуний вакили хабардор қилинади.

Бундан ташқари, айрим 2 ёшли болалар гуруҳи дам олиш кунларида ва иш куни тугагандан кейин ҳам қуйидагича хизмат кўрсатиши мумкин:

  • дам олиш кунлари ва МТТда иш куни якунлангандан кейин болани парваришлаш, унга қараб туриш;
  • унинг ўқув дастуридан ташқари спорт-соғломлаштириш ва бошқалар.

2 ёшли болалар учун гуруҳ яъни илк ривожланиш гуруҳлари мактабгача таълим ташкилотларидаги фойданилмаётган ва жиҳозланган хоналарида ташкил этилади.

Илк ривожланиш гуруҳлардан чиқариб юбориш ҳам қонуний вакилининг аризаси ва тиббий кўрсатмалар асосида ташкилоти директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Унда ўргатиладиган таълим-тарбия республикада Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари ҳамда боғчанинг «Илк қадам» давлат ўқув дастурига мувофиқ ишлаб чиқилади. Бунда ўқув юкламаси бир ҳафталик таълим юкламасининг энг кўп рухсат этилган ҳажмидан ва машғулотларнинг энг кўп рухсат этилган сонидан ошмаслиги кераклиги айтилмоқда.

Келтирилишича, боғчаларга буджетдан ташқари қўшимча маблағларнинг жалб этилиши буджетдан молиялаштиришнинг камайишига сабаб бўлмайди. Йўриқнома талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.