Александр Вучич Сербия президентлиги сайловларида ғалаба қозонганини эълон қилди, дея хабар бермоқда Euronews. Сайлов кунининг охирига келиб, у 60 фоиздан кўпроқ овоз олганини маълум қилди. Амалдаги давлат раҳбари биринчи турда икки марта сайловда ғалаба қозонганини эслади.

«Ўйлайманки, олдимизда ҳал қилиниши керак бўлган вазифалар кўп, лекин Сербия учун энг муҳими минтақада яхши муносабатларга эга бўлиш, ЕИ йўлида давом этиш, лекин анъанавий ҳамкорлар билан алоқаларни бузмасликдир», — деди Вучич.

Унинг энг яқин рақиби, собиқ армия генерали Здравко Понош, дастлабки маълумотларга кўра, тахминан 17% овоз олган. Сербия президентлиги учун жами саккиз номзод кураш олиб борди, уларнинг барчаси сайловда сезиларли фарқ билан ютқазди. Охирги маълумотларга қараганда, «Биргаликда ҳамма нарсани қила оламиз» коалициясининг бир қисми сифатида Вучич партияси парламентга ҳам катта фарқ билан кирди.

Вучич иккинчи президентлик муддати давомида Сербия ҳарбий бетарафликни сақлаб қолади ва ҳарбий иттифоққа кирмайди, деб ваъда қилмоқда. Сиёсатчи манфаатлар мувозанатини сақлашга интилади. Сербия Россияга қарши санкцияларни қўллашдан ўзини тийган ягона Европа Иттифоқи аъзолигига номзод бўлиб қолмоқда.

Якшанба куни, шунингдек, Венгрияда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда мамлакатнинг амалдаги ҳукумат раҳбари Виктор Орбан бошчилигидаги «Фидес» ва Христиан-демократик халқ партияси коалицияси ғалаба қозонди. Шундай қилиб, Виктор Орбан тўртинчи муддатга бош вазир сифатида фаолиятини давом эттирадиган бўлди.


Виктор Орбан. Фото: РИА Новости.

Миллий сайлов бюросининг маълум қилишича, ҳукмрон блок конституциявий кўпчиликни сақлаб қолади ва аввалги чақирувга қараганда икки кўпроқ мандат олади — жами 199 ўриндан 135 таси.

Ушбу сайловларда олтита мухолиф партия «Венгрия учун бирлашган» деб номланган иттифоқ тузди. Мўътадил консерватив, Ходмиезовассархей мэри Питер Марки-Зай унга раҳбарлик қилди.

Сайловлар олдидан сўнгги сўровлар мухолифат блоки 40−45 фоиздан кўпроқ овоз олиши мумкинлигини башорат қилган эди. Расмий натижалар оддийроқ бўлиб чиқди — алянс 35 фоиз овоз олди.

Марки-Зай мағлубиятини тан олди ва сайлов натижаларидан ҳафсаласи пир бўлганини айтди. У ҳукуматни сайлов кампанияси учун нотенг шароитлар яратаётганликда айблайди. Марки-Зайнинг сўзларига кўра, Венгрия матбуотида Орбаннинг ҳукмронлиги туфайли мухолифат мағлуб бўлган. Мустақил кузатувчилар уюшмалари фаоллари ҳам бевосита сайловлар пайтидаги кўплаб қонунбузарликлар ҳақида гапирмоқда.