Дунёдаги воқеалар сабабли «халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонга эътибори бироз пасайган», деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норов 31 март куни Афғонистондаги гуманитар мажбуриятлар бўйича БМТ вазирлар анжуманида.

«Афғон муаммоси моҳиятан жаҳон сиёсатида иккинчи даражага тушди. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Халқаро ҳамжамият ушбу мамлакатнинг бугуни ва келажаги учун жавобгар бўлиши керак», — деди у.

«Ҳозирда Афғонистонда ўткир иқтисодий инқироз ҳукм сурмоқда, молиявий ресурслар, озиқ-овқат, дори-дармон ва энг зарур товарлар етишмаслиги сабабли оғир гуманитар вазият юзага келган», — деди вазир ўринбосари. БМТ маълумотларига кўра, 24,4 миллиондан ортиқ одам ёрдамга муҳтож.

«Бугунги кунда бу давлат ўз тараққиётининг ҳал қилувчи босқичида. Ё бу давлат жаҳон ҳамжамиятининг ёрдами билан нормал иқтисодиёт ва ривожланиш асосларини яратиш учун шарт-шароит яратади ёки яна террористик ва экстремистик ташкилотларнинг паноҳига айланади», — деди Владимир Норов.

«Бу ерда бизда халқаро ҳамжамият ва Афғонистоннинг бошқа ҳукуматлари манфаатлари мос келади, улар мамлакатни террорчилардан тозалаш бўйича муайян қадамлар қўймоқда. Муваққат

«Бу ерда халқаро ҳамжамият ҳамда мамлакатни террористлардан тозалаш учун муайян қадамларни ташлаётган Афғонистоннинг янги ҳукумати манфаатлари мос тушаётганини кўришимиз мумкин. Вақтинчалик ҳукумат халқаро ҳамжамият хавотирларига фаол муносабат билдирмоқда ва кўзга кўринарли натижаларга эришди», — деди ТИВ раҳбарияти вакили.

Ўзбекистон Афғонистоннинг яна «четлаштирилган давлат»га айланиб қолмаслиги учун ушбу мамлакатдаги энг ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган аниқ қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш зарур, деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон мамлакатнинг хориждаги молиявий активларини қайта «эритиш» тарафдори.

Владимир Норов Ўзбекистон икки марта — ўтган йилнинг сентябрь ва декабрь ойларида Афғонистон халқига озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак ва кўмирдан иборат инсонпарварлик ёрдами юборганини эслатиб ўтди. «Биз қўшни давлатни узлуксиз электр энергияси билан таъминлашда давом этамиз, бу эса Афғонистоннинг электр энергияси импортининг 28 фоизини қоплайди», — деди у.

Афғонистон томони импорт қилаётган товарларнинг 32 фоизга яқини Ўзбекистон ҳудуди орқали қўшни давлатга транзит орқали олиб ўтилмоқда. Ўзбекистон мутахассислари ҳам Мозори Шариф халқаро аеропорти фаолиятини тиклаш ишларини деярли якунламоқда.

«„Термиз — Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар“ темир йўли ҳамда „Сурхон — Пули Хумри“ электр узатиш линияси-500 қурилиши каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда халқаро молия институтлари имкониятларини жалб қилиш орқали Кобулнинг янги маъмуриятига кўмаклашиш зарур», — деди вазир ўринбосари.

Афғонистонга гуманитар юкларни марказлаштирилган ва мақсадли етказиб беришни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Термиз шаҳрида кўп функцияли транспорт-логистика хабини яратиш ташаббуси билан чиқди.

26−27 март кунлари Тошкентда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон транспорт департаментлари раҳбарларининг чекловларни бартараф этиш бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқишга ҳисса қўшишга қаратилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Владимир Норов Ўзбекистон Афғонистоннинг малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжини қондиришга кўмаклашаётганини таъкидлади. Ўзбекистонда 300 га яқин афғонистонлик талаба таҳсил олмоқда, фуқаро авиацияси мутахассислари ва тиббиёт ходимларини тайёрлаш бўйича курслар ташкил этилган, деди у.

«Афғон масаласида БМТнинг ролини кучайтириш ва унинг овози ҳар қачонгидан ҳам баландроқ бўлиши керак. БМТ Афғонистонга ёрдам бериш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни сафарбар қилиш ва мувофиқлаштириш учун янада катта масъулиятни ўз зиммасига олиши керак», — деди ташқи ишлар вазири ўринбосари.