Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев раислигида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазиятдан келиб чиқиб ҳудуд ва тармоқларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, давлат раҳбари «ойнинг бошида алоҳида комиссия тузиб, барча хавф-хатарлар ҳисоб-китоб қилингани ва энг долзарб йўналишларда ўз вақтида тезкор чоралар кўрила бошлагани ўз натижасини бера бошлади» дея қайд этган.

Тошкент товар-хомашё биржасида чет эл корхоналари буғдой, ун, шакар, ўсимлик ёғи каби маҳсулотларни савдога қўйишни бошлади. Бунга, темир йўлда ташишга ички тарифлар қўлланилмоқда.

Бу ишларнинг давоми сифатида бир ҳафта муддатда:

  • хорижий йирик ишлаб чиқарувчилар ва улгуржи савдо ташкилотларини Товар-хом ашё биржаси савдоларига кенг жалб қилиш;
  • темир йўл тарифлари ва таннархни ичига кириб, уларни янада пасайтириш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.

Президент валюта бозорини барқарорлаштириш борасида кўрилаётган чораларни қайд этди.

Жумладан, валюта бозори ва айирбошлаш курси барқарорлашди, биржада рубль ва юань бўйича савдолар бошланди.

«Бу борада халқимизда ортиқча хавотир ёки безовталик бўлмаслиги керак. Валюта бозорида кескин тебранишларнинг олдини олиш учун захираларимиз етарли», — деди Шавкат Мирзиёев. Марказий банкка пухта ўйланган, оғир ва вазмин валюта ва монетар сиёсатни олиб боришни давом эттириш топширилди.

Марказий банкнинг вилоятлардаги раҳбарлари тадбиркорлар билан ҳар куни учрашиб, уларга валюта бозоридаги вазиятни, экспорт-импорт ҳисоб-китобларини амалга ошириш ва янги кредит механизмларини тушунтириб боради.

Халқаро экспертлар жаҳон иқтисодиётидаги ҳозирги мураккаб вазият узоқ давом этишини прогноз қилишмоқда.

Масалан, сўнгги бир ойда жаҳон бозорларида буғдой нархи 36 фоизга, шакар хом ашёси 10 фоизга, ўсимлик ёғи нархи 2 баробарга ошган.

«Ҳозир дунёда жуда мураккаб давр давом этаяпти. Ҳар куни янги синовлар билан тўқнаш келаяпмиз. Лекин, бу — эртага нима бўлади деб, кутиб ўтириш керак, дегани эмас. Муаммоларни тезкор аниқлаб, ҳал қилиш ва янги имкониятларни излаб топишимиз зарур», — деди давлат раҳбари.

Қорақалпоғистон, Андижон, Сурхондарёда тадбиркорларнинг муаммоларини ичига кириб, кўп таклифлар тайёрлангани қайд этилиб, қолган вилоятларнинг ҳаракати суст, ташаббус ва таҳлил йўқлиги танқид қилинди.

Масалаларни доимий таҳлил қилиш ва тезкор чораларни кўриб бориш мақсадида, бош вазир бошчилигида кундалик ишлайдиган Республика штаби ташкил этилади. Ушбу штабга вилоят ҳокимлари ва тегишли вазирлар ҳам аъзо бўлади.

Штаб олдига бозордаги нарх-навони кундалик аҳволи бўйича зарур тезкор чораларни кўриб бориш вазифаси қўйилди.