Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 28 мартдаги қарори билан «Айдар-Арнасой кўллари тизимидан фойдаланишни тубдан яхшилаш бўйича» йўл харитаси тасдиқланди, дея хабар қилди Norma.uz.

Экология давлат қўмитаси ва Инновацион ривожланиш вазирлигига Сирдарё ҳавзасида сув ресурслари ҳажмининг камайишини ҳисобга олган ҳолда кўллар тизимининг қисқа ва узоқ муддатли истиқболда сув ҳажми ва экологик ҳолатини моделлаштириш ҳамда бажарилиши лозим бўлган илмий тадқиқот лойиҳасини амалга ошириш топширилди.

Сув хўжалиги вазирлиги сув ҳавзаларидаги сув ҳажмини аниқлаш учун ботиометрик ўлчовлар (кўллар тубининг релъефини ўрганиш) ўтказиши шарт.

Сув хўжалиги вазирлиги, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликларига Исроил ва араб мамлакатлари тажрибасидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан оқизилаётган коллектор-дренаж сувларининг кўллар тизимига зарарли таъсирини камайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

1 июнга қадар Сув хўжалиги вазирлиги 2030 йилгача бўлган даврда кўллар тизимининг экологик мувозанатини сақлаш дастурини ҳам тасдиқлаши керак.

Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари ва Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига 2022−2023 йилларда қирғоқбўйи ҳудудларида 500 гектар майдонда чўл ўсимликларидан ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш топширилди.

2022 йилда Сув хўжалиги вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлигига «Чордара» сув омборидан Айдар-Арнасой кўллар тизимига сув ташлаш бўйича Қозоғистон билан ҳукуматлараро ишчи гуруҳ тузиш чораларини кўриш юклатилди.

Кўллар тизими атрофида 2 км кенгликдаги майдонда чорвачилик фаолиятига мораторий ўрнатилди.

Ёзга қадар кўлларга дам олиш мақсадида ташриф буюрадиган одамлар хавфсизлигини таъминлаш учун қутқарув гуруҳлари ишини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар доирасида «Тузкон» кўли қирғоғи бўйлаб велосипед, квадроцикл, от ва туяда сайр қилиш ҳудудлари ташкил этилади.

Ўтган йилнинг декабрида Сенат йиғилишида кўллар тизимидаги экологик ҳолат ёмонлашгани маълум қилинган эди. Сенатор Рисқул Сиддиқов сув сатҳининг пасайиши ва таркибининг шўрланиши натижасида қирғоқлари айрим жойларда 15−50 м га чекиниб, 15−20 см гача туз қатлами ҳосил бўлгани, сувнинг шўрланиш даражаси кескин ошганини маълум қилган эди. Кучли шамол вақтида тузли чангларга сабаб бўлишига олиб келаётгани, шубилан биргаликда, қишлоқ хўжалигидаги экин ермайдонларига ваинсон саломатлигига таъсир кўрсатаётгани айтилди.

Январда президент қарори билан Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси Сув хўжалиги вазирлиги таъсисчилигидаги МЧЖга айлантирилди. Корхона фаолиятининг асосий йўналиши сув ҳавзасида келгусида балиқларни кўпайтириш мақсадида балиқ чавоқлари етиштириш учун Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида балиқ парваришлаш ва инкубация цехларини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолиятини таъминлашдан иборат.