Шавкат Мирзиёев Янгиҳаёт туманида фаоллар билан учрашувда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи масаласида фикр билдирди. Видеолавҳалар «Менимча» кўрсатувида намойиш этилди.

«Авваламбор бизнинг ҳамма қарзимиз қонун нуқтаи назаридан… Агар бу бўлмаганида ойлик ҳам, метро ҳам бўлмас эди. Шунча тиббиёт ходимлари ёки муаллимларнинг ойликлари ошмас эди. Ўтираверар эдик олдингига ўхшаб қарсак чалиб, баландпарвоз гап гапириб. Менга у ўтириш ёқмайди», — деди у.

Қолаверса, давлат раҳбари ҳокимларга эрталаб вақтлироқ уйғониш кераклигини қайд этди.

«Мана мен ҳоким [Жаҳонгир Ортиқхўжаев]га неча марта айтаман 6:00 да тур деб. Ҳозир 6:00 да эмас, 5:30 да ёруғ бўлиб кетаяпти», — деди президент.

Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса президент сўзларини тасдиқлаб, 5:30 да ёришаётгани ва вақтли уйғонаётганини айтди. «Инсоф бергани рост бўлсин, сенга ҳам», — дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, 37,6 млрд долларни ташкил қилганди. Бунда давлат қарзи 22,9 млрд доллар, давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарз эса 14,7 млрд долларга етганди.