29 март куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Россия ва Украина делегациялари ўртасида навбатдаги музокаралар жараёни бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, Россия мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин Украинанинг бетарафлиги ва ядродан ҳоли мақоми тўғрисидаги шартномани тайёрлаш, шунингдек Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш бўйича музокаралар амалий даражага ўтаётганини айтиб ўтган.

Россия делегациясининг баёнотидан асосий тезислар

Музокаралар якунига кўра Россия делегацияси можарони юмшатиш мақсадида Киев ва Чернигов йўналишларида ҳарбий фаолликнинг кескин қисқартирилишини маълум қилди. Бунда «Киевда тегишли асосий қарорлар қабул қилиниши» ва келгусида нормал иш муҳити бўлиши учун шароитлар яратилиши кераклиги айтилди.

Шунингдек, Россия делегацияси томонидан қуйидагилар баён қилинди:

  • Музокаралар конструктив ўтди, Украина қўшма битим бўйича ўз позициясини аниқ белгилаб берди.
  • Россия Украинани ҳарбий асирлар тўғрисидаги Женева Конвенциясига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.
  • Украина Қрим ва Севастополни ҳарбий йўл билан қайтариш истагидан воз кечди.
  • Украинанинг хавфсизлик кафолатлари (қуйида келтирилган) тўғрисидаги таклифлари Қрим ва Донбасс ҳудудига тааллуқли эмас.
  • Россия Федерациясига Украина томонидан нейтрал ва ядросиз мақомга эга бўлиш истагини тасдиқловчи ёзма таклифлар келиб тушган.
  • Киев ҳарбий иттифоқларга қўшилишдан бош тортишга ваъда берди.
  • Россия Украинанинг таклифларини яқин кунларда кўриб чиқади, улар ҳақида Владимир Путинга хабар қилинади.
  • Икки давлат ташқи ишлар вазирлари томонидан тинчлик шартномасини дастлабки имзолаш жараёнида Путин ва Зеленский учрашиши мумкин.
  • Россия Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилишига қарши эмас.

Украина делегациясининг баёнотидан асосий тезислар:

Украина халқаро хавфсизлик кафолатлари масаласида ўз таклифларини тақдим этди. Делегация вакили Александр Чалийнинг таъкидлашича, ушбу шартноманинг хавфсизлик бўйича юридик кафолатлари НАТОнинг 5 моддаси билан ўхшаш бўлиши талаб қилинган. Агар Украина ҳудудига қандайдир ҳарбий ҳаракатлар ёки ҳарбий ҳужумлар уюштирилса, Украина 3 кун мобайнида консультация ўтказади. Агар консультация дипломатик натижалар бермаса, кафил мамлакатлар Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиши керак бўлади. Кафиллар орасида Украина қуйидаги мамлакатларни номлади: БМТ Хавфсизлик Кенгаши доими аъзолари (Франция, АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Россия), Туркия, Германия, Канада, Италия, Польша ва Исроил киритилган.

Янги битимда Украина ва Россиянинг Қрим бўйича позицияларини белгилаб қўйиш, 15 йил давомида Қрим ва Севастополь мақоми бўйича икки томонлама музокаралар олиб бориш керак. Бу вақт ичида иккала мамлакат ҳам яриморол масаласини ҳал қилиш учун қуролли кучларидан фойдаланмайди.

Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикаси масаласи Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг учрашувида муҳокама қилинадиган алоҳида бандга қўшилди.

Украинада ушбу шартнома юзасидан референдум ўтказилади, сўнг ушбу масала кафил мамлакатлар ва Украина парламентида кўриб чиқилади.

Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединскийнинг сўзларига кўра, Украина Россия билан келишув бўйича якуний қарорни давлат раҳбарлари йиғилишида расмийлаштирилишини сўраган.