«Ўзбекистон темир йўллари» ва «Қазақстан темир жолы» компаниялари Тошкент ва Олмаота шаҳарлари ўртасида йўловчи поезд ҳаракатини ташкил этишга келишди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар қилди.

2 майдан бошлаб ҳафтада уч маротаба Олмаота-2 — Тошкент — Олмаота-2 йўналишида ½-сонли поезд қатнови йўлга қўйилади. Ушбу поезд «Тошкент-Марказий» вокзалидан ҳар сешанба, пайшанба ва якшанба кунлари жадвал асосида Қозоғистонга жўнаб кетади. Ўзбекистон томонга эса «Олма-ота-2» темир йўл вокзалидан ҳар душанба, чоршанба ва шанба кунлари қатнайди.

«Бошқа қўшни давлатлар билан темир йўл йўналишларининг қайта тикланиши томонларнинг келишувига асосан босқичма-босқич очилиши кутилмоқда», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, 18 март куни Қозоғистонга икки йиллик танаффусдан кейин яна поездлар ҳаракати тиклангани ҳақида хабар қилинган эди. Унга кўра, 1 апрелдан бошлаб Нукус — Бейнеу — Нукус йўналишидаги 647/648-сонли поезд қатнови йўлга қўйилади.