Ҳар қандай вазиятда ҳам ҳукуматнинг асосий вазифаси — макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш ҳисобланади. Бу ҳақда молия вазири Тимур Ишметов 23 март куни президент бошчилигидаги йиғилишдан кейин маълум қилди.

«Бунда албатта бюджетга таъсири (Жаҳондаги воқеаларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсири — таҳр.) ҳисоб-китоб қилинди. Топшириқ олинди-ки, тасдиқланган бюджет тақчиллигини [ЯИМнинг 3 фоизидан ортиқ эмас] сақлаб қолиш, яъни ортиқча харажатларга йўл қўймаслик, иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг ҳаммасини ўз вақтида таъминлаш бўйича чораларни кўриб бориш», — деди у.

Бундан ташқари, солиқ маъмурчилигидаги ўзгаришларни кечиктириб туриш бўйича таклифлар кўриб чиқилади. Уларнинг баъзилари тадбиркорлар танқидидан сўнг, ҳукумат ён босишга қарор қилди.

«Солиқ маъмурчилигидаги барча ўзгаришларни зарур бўлса бир неча ойга ёки кейинги йилга қолдириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш — бу йўналишда албатта тадбиркорлик субъектлари билан ишлаймиз. Кейинги ҳафтадан Солиқ қўмитаси билан анкета-саволнома тайёрлаяпмиз, яъни бирламчи тадбиркорлик субъектларидан ҳозирги вазиятда қандай янги муаммолар пайдо бўлган ва айнан солиқ тизими, солиқ маъмурчилиги, умуман Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси томонидан, уларнинг фикри бўйича биз нима ёрдам бера олишимиз мумкин. Улардан фидбэк олиш мақсадида саволнома тарқатамиз», — деди Молия вазирлиги раҳбари.

Аввалроқ хабар берганимиздек, мазкур йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев Марказий банкка ички валюта бозори барқарорлиги ва алмашув курси мослашувчанлигини таъминлашда «эҳтиёткорона ёндашувни» қўллаш вазифасини қўйди.

Қолаверса, бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров банклар ва Марказий банк Ўзбекистон аҳолисига рублда пул ўтказмаларини узлуксиз таъминлаш чораларини кўраётганини маълум қилди. Бундан ташқари, давлат тадбиркорларга валюта кредитларини сўмлик қарзга айлантириш имкониятини беради, шунингдек, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун божхона тўловларини нолга тенглаштиради.

Бундан ташқари, Марказий банкнинг асосий ставкаси 17 фоизга оширилган бўлсада, президент йил охиригача ипотека ва таълим кредитлари бўйича фоиз ставкаларини ўзгартирмаслик тўғрисида топшириқ берди.