Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни маъқулланди, дея хабар берди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Ушбу қонун билан билан 2022 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва консолидациялашган Давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг прогнозлари ҳамда 2023 — 2024 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланмоқда.

Қайд этилишича, қонунда солиқ сиёсатига муҳим ўзгаришлар киритилган. Бунда Ялпи ички маҳсулотда (ЯИМ) салмоқли улушга эга ишлаб чиқариш соҳаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш назарда тутилган.

2022 йилда мамлакат ЯИМ ўсиш суръатлари 6 фоизни, шу жумладан, саноатда 7 фоизни, қурилиш соҳасида 8,1 фоизни, қишлоқ хўжалиги соҳасида 3,3 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори 2022 йил учун ЯИМнинг 3 фоизи миқдорида белгиланмоқда. Инфляция даражасининг пасайиши тенденцияси давом этиши ва келгуси йилда у 9 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

2022 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 254,6 трлн сўм ёки ЯИМнинг 30,3 фоизи даражасида прогноз қилинмоқда. Давлат бюджети даромадлари 199,5 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 23,8 фоизи миқдорида бўлиши.

Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 31,9 трлн сўм, харажатлари эса 58,7 трлн сўм миқдорида режалаштирилган.

Бундан ташқари, давлат бюджетидан ижтимоий соҳага, хусусан, таълим соҳаси харажатларига — 46,9 трлн сўм (2021 йилда 34,6 трлн сўм), соғлиқни сақлаш харажатларига — 22,8 трлн сўм (19,6 трлн сўм),маданият ва спорт соҳаси харажатларига — 3,4 трлн сўм (2,6 трлн сўм) ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун — 1,5 трлн сўм (1,2 трлн сўм) йўналтирилади.

Бундан ташқари, туманлар (шаҳарлар) бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 30 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ҳам йўналтирилади. Жумладан, «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси»га 1 трлн 553 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат бюджети харажатларини бир йил ичида учинчи марта ошириш маъқуллангани ҳақида хабар берилганди.