Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 март куни иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

«Коронавирус пандемияси пайтида ҳамма соҳаларни оғир шароитдан олиб чиқиш бўйича қарорлар қабул қилганимиз ўз натижасини берди. Ҳозирги вазиятда ҳам хавф-хатарларни олдиндан кўра билишимиз керак. Дунёда бўлаётган воқеалар натижаларга салбий таъсир кўрсатмаслиги учун аниқ чора-тадбирларни белгилаб олишимиз зарур. Айниқса, тадбиркорларга енгиллик яратиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз керак», — деди давлат раҳбари.

Йиғилишда иқтисодиёт ривожининг бугунги ҳолати таҳлил қилинди ва қўшимча чоралар белгиланди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тадбиркорлар билан кунлик мулоқот ўрнатиб, уларнинг лойиҳалари, ишлаб чиқариш фаолияти, экспорт-импорт амалиётларига кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди.

Президент тармоқ ва ҳудудларда кунлик мониторинг ўрнатиб, юзага келиши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш бўйича тезкор чоралар кўриш вазифасини қўйди. Тадбиркорлик субъектларига айланма маблағаларини тўлдириши учун револьвер кредит бериш тизимини янада соддалаштириш зарурлиги айтилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев экспорт масаласига ҳам тўхталиб, экспортчи корхоналарнинг транспорт-логистика масалаларини ҳал қилиб бориш, уларнинг транспорт харажатларини қисман қоплаш амалиётини кенгайтириш бўйича кўрсатма берди.

Йиғилишда бугунги кунда дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришда муаммолар кузатилаётганлиги ҳамда уларнинг нархи сезиларли ошаётганлиги муҳокама қилинди. Шу боис, Вазирлар Маҳкамасига ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш, буғдой, ўсимлик ёғи, шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилувчи тадбиркорларга кўмаклашиш орқали аҳоли талабини қондириш бўйича қўшимча топшириқлар берилди. Шунингдек, инфляция даражасини камайтириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларга тезроқ қайтишини таъминлаш ҳукуматнинг асосий вазифаси экани яна бир бор қайд этилди.

Марказий банкка ташқи валюта бозоридаги ноаниқ вазиятни инобатга олган ҳолда, ички валюта бозори барқарорлиги ва алмашув курси мослашувчанлигини таъминлашда «эҳтиёткорона ёндашувни» қўллаб бориш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Давлат раҳбари бунда ички валюта бозоридаги ҳолатни кунлик кузатиб, тадбиркорларни, умуман, халқни жорий вазият, кутилаётган ўзгаришлар ва кўрилаётган чоралар ҳақида хабардор қилиш кераклигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк 24 мартдан бошлаб сўмнинг хорижий валюталарга нисбатан расмий курсини белгилади, бунда 1 доллар 62,4 сўмга арзонлаб, 11609,59 сўм этиб белгиланди. Миллий валюта 9 мартдан кейин биринчи марта мустаҳкамланди. 17 март куни Марказий банк асосий ставкани 17%гача кўтарган эди.