Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни Ўзбекистон иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

«Биз тадбиркорларга қулайлик яратишимиз, солиқ юкини камайтиришимиз керак. Тадбиркорларнинг катта тоифаси охирги 3−4 йил ичида барча кредитларни долларда олган. Биз [оқибатларни] юмшатиш бўйича таклифлар беришимиз керак», — деди давлат раҳбари.

Йиғилишдан сўнг бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жашид Қўчқоров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида тижорат банклари ва Марказий банк томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида аҳолига рублда пул ўтказмалари амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу ишни узлуксиз давом эттириш топширилди, деди у.

Президент Иқтисодий тараққиёт вазирлигига тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ берди.

«Айрим тадбиркорларда эркин конвертация қилинадиган валютадаги кредитни қандай тўлаш мумкин, деган хавотир бўлиши мумкин. Хабарингиз бор, ўтган йилнинг август ойида президент тадбиркорлар билан учрашувда ушбу кредитларни сўмда тўлаш имкониятини яратиш бўйича топшириқ берган эди. Бу механизмдан исталган тадбиркор фойдаланиши мумкин», — деди бош вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, Молия вазирлиги ҳузурида банкларнинг хорижий валютадаги кредитларини бозор механизмлари асосида миллий валютага конвертация қилиш бўйича валюта рискларини бошқариш компанияси ташкил этилган. Натижада банклар чет эл ресурслари ҳисобидан миллий валютада узоқ муддатли кредитлар бера бошлади.

Октябрь ойида қарзи 1 миллион долларгача бўлган (умумий қарз 2,5 миллиард доллар) 15 мингдан ортиқ корхонага банклар томонидан хорижий валютадаги кредитларни сўмга конвертация қилиш бўйича таклифлар юборилгани хабар қилинган эди. Хорижий валютадаги кредитларни сўмга конвертация қилишга атиги 561 та корхона рози бўлди, бироқ бу амалиёт давом этади, деганди Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратов.

Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин ошишининг олдини олиш мақсадида айрим озиқ-овқат маҳсулотларига божхона тўловларини нолга тушириш имконияти кўриб чиқилмоқда. «Биз бу масала бўйича тегишли қарор қабул қиламиз», деди у.

Бош вазир ўринбосари аниқ қайси товарлар бождан озод этилиши режалаштирилганини маълум қилмади, бироқ йиғилишда Вазирлар Маҳкамасига ички бозорда нарх барқарорлигини сақлаш, аҳоли эҳтиёжларини қондириш, буғдой, ўсимлик ёғи, шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилувчи тадбиркорларга кўмаклашиш вазифалари қўйилди.

Меҳнат мигрантлари муаммоларини ҳал қилиш учун Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари вакилларидан иборат махсус штаб ташкил этишга қарор қилинди.

Президент соҳа ва ҳудудларда ҳар куни мониторинг ўтказиш, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқлар берди. Корхоналарни айланма маблағларини тўлдириш учун қайтарилувчи кредитлаш тизимини янада соддалаштириш муҳимлиги таъкидланди, деди Жамшид Қўчқоров.

«Транспорт-логистика масалаларини ҳал этиш, жумладан, „Ўзбекистон ҳаво йўллари“ МАК фаолиятини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, тадбиркорларни, айниқса, кичик ва ўрта бизнес вакилларини қийнамаслик, яъни ортиқча бюрократия, текширишлар билан қийнамаслик, уларни қўллаб-қувватлаш, виждонли солиқ тўловчиларга шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берилди», — деди у.

Аввал хабар берганимиздек, Шавкат Мирзиёев Марказий банк олдига ташқи валюта бозоридаги ноаниқ вазиятни инобатга олган ҳолда, ички валюта бозори барқарорлигини ва валюта курсининг мослашувчанлигини таъминлашга «эҳтиёткорлик билан ёндашиш»ни қўллаш вазифасини қўйган эди.