Ўтган ҳафта Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси (МҚКҚ) жавобига таяниб, Тошкентдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси олишда назарий ва амалий имтиҳонлар ўтказиш бўйича давлат марказларининг ёпилишида президент қарори талаблари бузилганини маълум қилди.

Марказлар фаолияти 4 февраль куни ушбу соҳада ягона бўлган ва асосий раҳбари Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳисобланган Autodriver Study компаниясининг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича Ягона имтиҳон маркази очилганидан сўнг тўхтатилган эди.

18 март куни депутат жамоатчилик мурожаатларини инобатга олиб, Тошкентдаги Ягона имтиҳон маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши ва ЙҲХББ рўйхатга олиш-имтиҳон марказларининг ёпилишида истеъмолчилар ҳуқуқлари, рақобат ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши масаласида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси номига «депутатлик сўрови» киритганини маълум қилди.

МҚКҚ маълумотларига кўра, президентнинг 2020 йил 7 декабрдаги «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4913-сонли қарорнинг 1-банди, тўртинчи хатбошида тегишли ҳудудларда давлат функциялари ўтказилаётган соҳаларда етарли миқдорда хусусий сектор субъектлари ташкил этилгунига қадар мазкур функцияларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

«Бироқ, шунга қарамай, ҳозирги кунда республиканинг баъзи ҳудудларида (Қашқадарё вилоятида 2 та, Сурхондарё вилоятида 3 та ҳамда Тошкент вилоятида 6 та) Ички ишлар вазирлиги тизимидаги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш марказлари ушбу соҳада етарли миқдорда хусусий сектор субъектлари ташкил этилмай туриб, президент қарори талабларига зид равишда фаолияти тўхтатилган», — дея жавоб берилган қўмитадан.

Бундан ташқари, хабарда қайд этилишича, айнан бир ташкилотга эксклюзив ҳуқуқлар берилмаган ҳамда тегишли лицензияга эга бўлган барча тадбиркорлик субъектларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни олиш ҳуқуқи берилган.

Шу муносабат билан МҚКҚ «президент қарори талабларига зид ҳаракатлар содир этилаётгани сабабли» Вазирлар Маҳкамаси (ҳукуматга) киритиш учун тегишли таклиф ишлаб чиқибди.

Таклифда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш бўйича фаолияти ушбу хизматни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг етарлича ташкил қилингунига қадар, яъни ҳар бир ҳудудда аввал фаолиятда бўлган имтихон олувчи давлат ташкилотлари сонидан кам бўлмаган хусусий сектор бозорга киргандан сўнг тўхтатилиши назарда тутилган.

Бунда масалан, Тошкент вилоятида 6 та хусусий имтиҳон олиш маркази ташкил этилгунга қадар 6 та давлат маркази ишлаши керак.

«Нима учун 6 та дейилса, асос шуки, яқин вақтгача талабдан келиб чиқиб, Тошкент вилоятида 6 та марказ фаолият кўрсатган. Ундан ками етмайди», — дея қайд этди Расул Кушербаев.

Депутатнинг фикрича, «битта тадбиркорлик субъектининг тезроқ «соққа ишлаши»га имконият бериш учун» шошиб-пишиб бошқа давлат имтиҳон марказларини ёпиш орқали президент қарори талаблари ҳам бузилган.

«Энди савол: Қарор талабларини бундай талқин қилиш ва бузиш кимга, нима учун керак бўлди? Монополияга қарши курашиш қўмитаси жавоби асосида биз ҳам энди ҳукумат ва ҳукумат аъзоларига сўров киритамиз», — дея маълум қилди Расул Кушербаев.

Комил Алламжоновнинг жавоби

Комил Алламжонов / Telegram.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси, президентнинг собиқ матбуот котиби, Avtotest ва Autodriver Study маркази асосчиси Комил Алламжонов шу куннинг ўзида Тошкент шаҳри учун хизмат кўрсатаётган ҳозирча ягона бўлиб турган «Имтиҳон маркази» тўлиқ президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мос равишда фаолият юритаётганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, марказ бугунги кунда 800 дан ортиқ фуқародан имтиҳон олиш имкониятига эга. Марказ очилгунига қадар Тошкентдаги 3 та ЙҲХББ имтиҳон олиш бўлими (шаҳарнинг ҳар хил туманларида умумий 4−5 та хонадан иборат бўлган) кунига 400 кишидан имтиҳон олган.

«Демак, бундан келиб чиқадики, бизнинг замонавий, барча стандартларга жавоб берувчи „Имтиҳон марказ“ аввалги имкониятдан 2 баробар катта ва энг асосийси, катта автоматлаштирилган автодром, компьютерлаштирилган хоналарига эга. Навбатлар йўқ деярли. Марказ нафақат тўла, балки кўп хоналари бўш ҳам турибди. Ва шу кунгача ҳали бирон маротаба аввалгидек 400 та уёқда турсин, ҳатто 200 та ҳам одам келмади», — деб ёзди у.

Комил Алламжонов унинг маркази ҳудудлардаги вазият билан алоқадор эмас, шунинг учун бу масала юзасидан ИИВга мурожаат қилиш керак.

«У ерда бизнинг марказ йўқ. Ва ҳаммаси бутун Тошкент маркази учун деган шаъмали эътироз ўринсиз. Ҳеч қачон Қашқадарёдан ёки Сурхондарёдан келиб Тошкентда имтиҳон топширмайди. Устига-устак, бизда фақат билим талаб қилинади. Логикани тушуняпсиз, деган умиддаман», — дея маълум қилди у.

Autodriver Study асосчиси марказ «соққа қилиш» учун ташкил этилгани ҳақидаги фикрларга ҳам жавоб берди.

«„Соққа“ қилишга келсак, айнан „соққа“ ҳар соҳанинг драйверидир. Сизнингча фикрланса, сиз ҳам фақат „соққа“ учун ишлайсиз ва „соққа қиласиз“, чунки текинга ишламайсизку. Аслида „Соққа“ қилиш гуноҳ эмас. Жиноят ҳам эмас», — дея Расул Кушербаевнинг Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида ўз вақтида «яхши ойлиги учун» ЎзЛиДеПни танлаганини айтганига урғу берган ҳолда.

Комил Алламжонов ҳозирда ҳаммаси қонуний қилинаётганини таъкидлаб ўтди. «„Соққа“ туфайли Марк Цукерберг Facebook, Илон Маск Tesla, Дуров Telegram, Стив Жобс iPhone’ни яратди. Агар „соққа“ келмаса, бундай технологик ривожланиш бўлмас эди», — деди у.

Фонд васийлик кенгаши раҳбарининг фикрича, Расул Кушербаев ёш ва замонавий, ватанпарвар, энг асосийси, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш партияси депутати сифатида «бизни яхши тушуниб, хусусийлаштириш тарафида бўлишингиз керак».

«Яна билмадим. Балки сизга эски коррупциялашган тизим кўпроқ ёқар. Сайловчилар, тайинловчилар сизга мурожаат қилишса, дарров қилич кўтариб кетмай уларни кўпроқ ўқишга, билим олишга чақирсангиз бугунги сиёсатнинг асл ёрдамчиси бўласиз деб ўйлайман», — деди у.

Комил Алламжонов Ягона имтиҳон марказида кўпчилик имтиҳондан ўта олмаётгани, чунки уларнинг билими йўқлигини айтиб, депутатнинг эски тизимни қўмсаётган сайловчилари (Тошкент вилояти аҳолиси) 100 фоиз ўтиб кетган бўлишини таъмин қилди.

«Кўчадаги аҳволни кўриб турибсиз. Сиз қайтариш керак деган тизим натижаси бу», — деб ёзди у.

Нархларнинг ошиши

Ягона имтиҳон маркази. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Шу куни, 18 мартда Тошкент имтиҳон маркази очилганидан бир ярим ой ўтиб 1 апрелдан назарий ва амалий имтиҳон топширишга биринчи уриниш нархи 50 фоизга — 100 мингдан 150 минг сўмга оширишга тўғри келганини маълум қилди.

«Асосий ҳамкорларимиз бўлган мамлакатлардаги беқарор иқтисодий вазият, мамлакатимизда инфляциянинг тезлашишига сезиларли таъсир кўрсатаётган валюта курсининг кескин ўзгариши сабабли сифат ва хизмат кўрсатишнинг юқори даражасини сақлаб қолиш мақсадида 1 апрелдан бошлаб Toshkent Imtihon Markazi назарий ва амалий имтиҳонларни топшириш учун биринчи уриниш нархини 150 минг сўмгача оширишга мажбур бўлди», — дейилади хабарда.

Иқтисодчи ва Kurbanoff.net блоги муаллифи Шухрат Курбанов валюта курсидаги тебранишлар ва ҳамкор мамлакатлардаги иқтисодий вазият имтиҳон нархларининг ошиши билан қандай боғлиқлиги билан қизиқди. «Тестлар импорт қилинадими? Нархларнинг ошиши эса йўл ҳаракати хавфсизлигига қандай боғлиқ?!» — деб сўради у.

Молиячи Отабек Бакиров эса Комил Алламжонов жамоаси «Ўзбекистондаги 50 фоизлик инфляция ёки доллар курсининг 50 фоизга ўсишини қаердан олганини» сўради.

«Балки улар келажакка боқиб, прогноз қилишаётгандир. Лекин имтиҳон тестларининг доллар курсига қандай алоқаси бор? Кўраяпсизки, миллион марта оғиз кўпиртирилгани билан, мазкур лойиҳа фақат ва фақат пул ўзлаштириш, танлов қолдирмасдан пул ўзлаштиришни назарда тутади ва бу лойиҳанинг ҳаракат хавфсизлигига қанақадир боғлиқлиги бўлса, у энг охирги ўринда туради», — деб ёзди у.

Отабек Бакиров Autodriver Study Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилмаганига ҳам эътибор қаратди. Ушбу реестрдан Unitel мобил алоқа компанияси («Билайн» бренди) ўрин олган.

«Тасаввур қилингда, ўзбек истеъмолчисида уяли алоқа компанияси танлашда камида бешта танлов бор, улардан бири „Unitel“ МЧЖ ҳалиям устун мавқега эга деб ҳисобланилмоқда. Ҳа, яхши, Beeline’да устун мавқе мезонларининг билвосита белгилари бордир. Лекин истеъмолчиларда имтиҳон топшириш борасида бошқа муқобил танлов умуман йўқ бўла туриб Toshkent imtihon markazi устун мавқе реестрига қўшилмаган», — дея таъкидлади у.

«Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 6- моддаси бўйича Toshkent imtihon markazi устун мавқега эга деб эътироф этилиши керак, деб ҳисоблайди молиячи. Унинг қайд этишича, қонуннинг 7- моддаси бўйича Toshkent imtihon markazi тарифларининг оширилиши товарнинг монопол юқори нархи деб топилиши зарур.

Февралда Комил Алламжонов имтиҳон марказини ташкил этишдаги иштирокини тасдиқлаган эди. Шу билан бирга, у монополия ва манфаатлар тўқнашуви борасидаги айбловларни рад этиб, ўйин қоидаларини давлат ўрнатгани, бозор белгиланган талабларга мос шароитларни ярата оладиган тадбиркорлар учун очиқ эканини таъкидлаган эди.