Тошкентда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича Ягона имтиҳон маркази ўз фаолиятини бошлади. Марказ тақдимоти 3 февраль куни бўлиб ўтди, унда «Газета.uz» мухбири ҳам иштирок этди.

Марказда ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга номзодлар назарий ва амалий тест синовларидан ўтади. Янги тизимда фуқаролар билимини баҳолашда инсон омили иштирок этмайди, бутун жараён автоматлаштирилган, дея таъкидлади ташкилотчилар.

Эслатиб ўтамиз, 26 январь куни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ вазиятни танқид қилган эди. Статистика маълумотларига кўра, 2021 йилнинг ўзида йўлларда 2000га яқин инсон ҳалок бўлган. Президент ҳайдовчиларни тайёрлаш ҳамда имтиҳон тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берганди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги «Автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи учун ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлар ўтказиш соҳасига хусусий сектор вакилларини жалб этиш бўйича қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ҳайдовчилар гувоҳнома олишдан олдин автомототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини бериш учун хусусий автоматлаштирилган марказда назарий ва амалий имтиҳон топширишлари ва сертификат олишлари мумкин.

Имтиҳон топширишнинг ушбу янги тизимига кўра, марказга келган номзод назарий саволларга тўғри жавоб бериши ва сўнгра имтиҳоннинг амалий қисмидан ўтиши керак бўлади. Ушбу иккала босқичдан муваффақиятли ўтган тақдирдагина, унга махсус сертификат берилади.

Кейин, ушбу сертификат асосида у Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекциясида ёки давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши мумкин.

Имтиҳон топшириш истагида бўлганлар Ягона имтиҳон маркази сайтида рўйхатдан ўтишлари мумкин. Бунинг учун талабгорлар рўйхатдан ўтган кундан бошлаб кейинги 7 иш куни ичида файлларни юклаши (ҳужжатлар рўйхати веб-ресурсда кўрсатилган), керакли катакларни тўғри тўлдириши ва имтиҳон санасини танлаши керак бўлади.

Автоматлаштирилган схема бўйича амалий имтиҳон ўтказиш учун «А», «B», «C», «D», «BE», «CE» ва «DE» тоифали автомобиллар мавжуд. Ногиронлиги бўлган шахслардан амалий имтиҳон олиш тегишли тиббий кўрсатмаларга мос келадиган транспорт воситаларида амалга оширилади.

Назарий ва амалий тест синовларидан ўтиш жараёни маркази видеоролигида батафсил намойиш этилган.

Фоторепортаж

Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти раҳбари ўринбосари, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидов.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».