ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Тошкент, Бухоро ва Наманган вилоятдарида ноқонуний ер сотиш билан шуғулланганликда гумон қилинган шахсларни қўлга олди.

Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда 1964 ва 1970 йилларда туғилган икки нафар шахс тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кириб, ўзларига тегишли бўлмаган 4 гектар ерни унга сотишга урингани аниқланди. Улар ерни 800 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 100 минг доллар олганида ушлангани айтилмоқда.

Наманган вилоятидаги ҳолатда эса Косонсой давлат ўрмон хўжалигининг назоратчиси фуқарога мазкур хўжаликка тегишли 85 сотих ер майдонини 49 йилга ижара шартномасини тендерсиз ютиб беришига ишонтирган. Бунинг эвазига 55 минг АҚШ доллари олганида қўлга тушган.

Бухоро вилоятида эса Қоракўл давлат ўрмон хўжалиги ходими жами 8 гектар ерни мансабдор танишлари орқали бошқа бир фуқаро номига расмийлаштириб беришини айтган. У маҳаллий МЧЖга тегишли 5 гектар ва бошқа бир фуқаро бошқарувидаги фермер хўжаликнинг 3 гектар ери учун жами 16 минг АҚШ доллари сўраганликда гумон қилинмоқда. Ушбу пулларни олган вақтида эса ДХХ ва Департаментнинг вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ушлангани айтилмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.