Январь-февраль ойларида Республика тез тиббий ёрдам хизматига келиб тушган 31,3 мингтага яқин мурожаат асоссиз деб баҳоланган ва уларнинг 922 таси ёлғон чақириқлардан иборат экани маълум бўлди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Бу ўтган йилнинг шу даврига нисабатан қарийб 18 та кам. «Аммо бундай мурожаатлар сабабли инсонлар ҳаёти хавф остида қолишини инобатга олсак, уларнинг биттаси ҳам кўп», — дея таъкидламоқда вазирдик.

Энг кўп ёлғон чақириқ Тошкент вилоятида (258 тани) қайд этилди. Қашқадарё вилоятида (124 та) чақириқ ёлғон бўлган. Фарғона вилоятидан 119 киши «Тез ёрдам»га ёлғондан мурожаат қилган. Бу ҳолат Тошкент шаҳрида 107 та, Навоий вилоятида 102 тани ташкил этади.

Энг кам ёлғон чақириқ эса Жиззах вилояти (2 та), Қорақалпоғистон Республикаси (11 та) ва Сирдарё вилоятида (15 та) қайд этилди.

Бундан ташқари, январь-февраль ойларида яна бир қанча мурожаат натижасиз чақириқ бўлган.

Жумладан, 1401 та ҳолатда манзил топилмаган, 11 минг 692 та вазиятда тез тиббий ёрдам рад этилган, 2 минг 598 та ҳолатда бемор ўз жойида бўлмаган, 5 минг 692 тасида бошқа транспорт воситасида олиб кетилган, 339 тасида эса «Тез ёрдам» ходимларига эшик очилмаган.

Маълумот учун, ўтган 2021 йилда юртимизда «Тез ёрдам» хизматига жами 194 минг 96 та асоссиз чақириқ келиб тушган эди.