Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Анталияда (Туркия) бўлиб ўтаётган II Дипломатик форум доирасида Украинадаги вазият юзасидан муносабат билдирди.

«Биз жуда хавотирдамиз. Бу ҳақда кўп гапиришимиз мумкин. Аммо, дунёдаги аксарият одамлар сингари, биз ҳам зўравонликнинг тўхтатилишини ва барча муаммолар сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал қилинишини хоҳлаймиз», — дея таъкидлади вазир ANews нашрига берган интервьюсида.

Шунингдек, ТИВ раҳбари форум доирасида «Афғонистон: янги воқеликларни қандай енгиб ўтиш зарур» мавзусидаги сессияда чиқиш қилиб, барқарор ривожланиш фақатгина янада кенг кўламли ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларни кенгайтириш орқали амалга оширилиши мумкинлигини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг мақсади Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини бир-бирига боғлашдир. Вазир Туркиянинг географик жойлашуви туфайли Осиё ва Европа ўртасида кўприк вазифасини ўташи борасидаги муваффақиятини Ўзбекистон томони намуна сифатида кўраётганини таъкидлаб, Ўзбекистон ҳам ўз географияси сабаб худди шундай роль ўйнашига умид билдирди.


Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Амир Хон Моттакий ва Абдулазиз Камилов. Фото: Christopher Anzalone / Twitter.

Абдулазиз Камилов форумда Афғонистондаги вазият ҳақида гапирар экан, бугунги куннинг асосий муаммоси — гуманитар инқирозларнинг олдини олиш эканини таъкидлади.

«Бугунги кун воқеликларига эътибор қаратиш вақти келди. Бугунги куннинг асосий муаммоси — гуманитар инқирозларнинг олдини олишдир. Биз қўшни сифатида Афғонистон билан алоқа ва иқтисодий муносабатларни яхшилаш учун барча минтақавий иштирокчилар билан ишлаяпмиз», — дея маълум қилди у.

Февраль ойи охирида президент матбуот котиби Шерзод Асадов Россиянинг Украинада амалга ошираётган ҳарбий ҳаракатлари бўйича Ўзбекистоннинг позицияси «бу масала бўйича вазмин, нейтрал» эканини маълум қилганди.

Аввалроқ, Украинанинг Тошкентдаги элчиси Николай Дорошенко Ўзбекистонга Украина томонига 28 тонна гуманитар ёрдам жўнатгани учун миннатдорчилик билдирди.