12 март, шанба куни соат 9:00 да автомобиллар ҳаракати учун ёпилган «Қамчиқ» довони соат 18:00 дан бошлаб қайта очилди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Кун давомида ФВВ тегишли хизматлар билан ҳамкорликда олиб борилган амалий ҳаракатларни мувофиқлаштириб борган ва бунинг натижасида «Тошкент-Водий» автомобиль йўлидаги довонда транспорт ҳаракати қайта тикланган.

Аввалроқ, довонда жойлашган икки туннель ўртасидаги автомобиль йўлининг остки тупроқ қисми ўпирилиб кетгани ҳақида ёзгандик. ФВВ ҳолат юзасидан Ангрен шаҳридаги «Ангренленд» кафесида махсус штаб тузди. Йўловчилар эса довонга яқин ҳудуддаги овқатланиш шохобчаларига жойлаштирилди.

Шунингдек, «Тошкент-Водий» автомобиль йўлининг 6 та жойида тош-тупроқ массаси ўпирилиши содир бўлиб, йўл четдаги ҳандаққа (кюветга) тушгани айтилганди. Бундан ташқари, номустаҳкам тош массалари автомобиль йўлининг 251,7 км ҳамда 260 км оралиқларидаги йўлга тушиши мумкин бўлган худудлар аниқланганди.

Қолаверса, «Қамчиқ» довони йўлида қолиб кетган фуқароларни манзилига етказиб қўйиш учун Оҳангарон, Ангрен ва Орзу вокзалларидан йўловчи поездлари қатнови йўлга қўйилди.