«Қамчиқ» довонида қор кўчкиси хавфи туфайли Довон йўли автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилганди. Шу муносабат билан Ангрен шаҳридаги «Ангренленд» ошхонасида махсус штаб иш фаолиятини бошлади, деб хабар бермоқда ФВВ матбуот хизмати.

«Айни вақтда йўлда қолиб кетган автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчиларни Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Ангрен шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманидаги мавжуд умумовқатланиш шоҳобчаларига жойлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Улар учун зарурий шароитлар яратилган», — дейилади хабарда.

Фото: ФВВ матбуот хизмати.

Қор қатлами йиғиладиган жойлар ҳолати мустаҳкам эмаслиги, кўчки хавфи мавжудлиги айтилмоқда.

Аввалроқ, Гидрометеорологик илмий таҳлиллар Telegram-каналида 'Қамчиқ'' довони икки туннель орасидаги автомобил йўлининг остки тупроқ қисмини ўпирилиб кетгани ҳақида маълум қилинган. Таъкидланишича, бунга бир кеча-кундузда жуда ҳам кўп ёғган ёғингарчилик оқибатида ҳосил бўлган сув оқими сабаб бўлган.

Унинг ёзишича, довонда бир сутка давомида умумий 75 мм ёғингарчилик кузатилган. Солиштириш учун бу миқдор Қорақалпоғистоннинг кўплаб станцияларида бир йил давомида ёғади.


ФВВнинг қўшимча қилишича, «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг «Қамчиқ» довони қисмидаги автомобиль йўлининг хавфли ҳудудлари «Қамчиқ» Махсус, қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси, «Қамчиқ» қор кўчкисини кузатиш станцияси, геологик хавфли жараёнларни кузатиш «Фарғона» станцияси, «Қамчиқавтойўл» ходимлари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилди.

Бунинг натижасида соат 7:30 ларда А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг 229,8 км ҳудудида, автомобиль йўлидан 80−100 метр узоқликда тоғ ёнбағирликларидан 300 минг метр куб хажмда қор кўчкиси содир бўлиб, қор массалари «Қамчиқсой» сойи ўзанига тушган.

Шунингдек, «Тошкент-Водий» автомобиль йўлининг 6 та жойида тош-тупроқ массаси ўпирилиши содир бўлиб, йўл четдаги ҳандаққа (кюветга) тушган. Бундан ташқари номустаҳкам тош массалари автомобиль йўлининг 251,7 км ҳамда 260 км оралиқларидаги автомобиль йўлига тушиши мумкин бўлган худудлар аниқланди.

Ҳозирда хавфли худудларда тош массаларини мажбурий тушириш бўйича «Қамчиқ» Махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси, «Қамчиқавтойўл» ҳамда Йўл-ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан ҳамкорликда тадбирлар амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, довон йўлида содир бўлган геологик ва гидрометеорологик ходисалар натижасида жабрланган ва жарохат олганлар йўқ.