6−9 март кунлари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация АҚШда бўлди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, бу ташриф 2021 йил декабрь ойида бўлиб ўтган Стратегик шериклик мулоқотининг илк учрашувида эришилган келишувларга мувофиқ ташкил этилган.

Маълум қилинишича, ташқи ишлар вазири Вашингтонга ташрифи доирасида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан музокаралар ўтказган. Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда стратегик шериклик муносабатларининг 20 йиллиги муносабати билан ўзаро табриклар алмашилган. Вазир Абдулазиз Камилов ва давлат котиби Энтони Блинкен Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг долзарб масалалари, жумладан, қўшни Афғонистондаги гуманитар вазиятни ҳам муҳокама қилди. «С5+1» шакли (Марказий Осиёнинг бешта давлати ва АҚШ) доирасида минтақавий ҳамкорликнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилган.

АҚШ Давлат департаменти баёнотида айтилишича, Энтони Блинкен Абдулазиз Комиловга Ўзбекистоннинг АҚШ билан давомий ҳамкорлиги учун миннатдорчилик билдирган.

«Давлат котиби Россиянинг Украинага қасддан, сабабсиз ва асоссиз ҳужуми халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузиш эканлигини таъкидлади», — дейилади баёнотда.

«Давлат котиби Ўзбекистоннинг Украина ва Афғонистон халқига кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдамини юқори баҳолади ва Қўшма Штатлар террорчилар Афғонистондан хавфсиз бошпана сифатида фойдаланишига ҳеч қачон йўл қўймаслик ниятини таъкидлади», — дейилади Давлат департаменти хабарида.

Энтони Блинкен, шунингдек, Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини амалга ошириш, жумладан, бизнес муҳитини яхшилаш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги ютуқларни олқишлади, дейилади маълумотда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги берган хабарга кўра, Ўзбекистон делегацияси АҚШда бўлиши давомида АҚШ администрацияси вакиллари, Конгресс аъзолари, Америка ишбилармон ва илмий доиралари вакиллари билан ҳам учрашув ҳамда музокаралар ўтказган.

Америка-Ўзбекистон Савдо палатаси аъзолари билан учрашувда Ўзбекистон томони Америка ишбилармон доиралари вакилларига 2022−2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг асосий қоидалари, республикада иқтисодиётни тубдан ислоҳ қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан таништирилган. Бундан ташқари, тадбир давомида АҚШ компанияларининг республикадаги ислоҳотлар жараёнларида иштирокини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинган. Бундан ташқари, жорий йилнинг 24−26 март кунлари бўлиб ўтадиган биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) ишида Америка компанияларининг кенг иштироки бўйича келишувга эришилган.

Таъкидланишича, халқаро таълим бўйича Америка кенгаши, Жорж Вашингтон университети, Техас А&М университети, Калифорниядаги Беркли университети раҳбарияти ва экспертлари билан мулоқотлар уюштирилган. Учрашувларда маҳаллий мутахассислар салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида икки давлат ўртасида университетлараро ҳамкорликни кенгайтириш, академик ва илмий алмашинувларни ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинган.