Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилгани муносабати билан Ўзбекистондаги барча ҳудудлар раҳбарларига янги ўринбосарлар — вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиқлари, шу жумладан, Қорақалпоғистонда Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари тайинланди. Бу ҳақда ҳудудлар маъмурияти матбуот хизматлари хабар берди.

Қорақалпоғистон

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгес президиуми қарори билан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси лавозимига Ахмедова Марям Халилаевна тайинланди.


У бунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Андижон вилояти

Андижон вилояти ҳокими ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига Абдуллаева Гулнорахон Маърифжоновна тайинланди.

У бунга қадар Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Гулнорахон Абдуллаева 1967 йилда Избоскан туманида таваллуд топган. 1989 йилда Тошкент давлат университети (кундузги), 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1989 йилда Андижон пахтачилик институтида ўқитувчиликдан бошлаган. 1990−1992 йилларда Андижон вилоят ижроия комитети ижтимоий, маданий муассасалар бўлимининг 1-тоифали мутахассиси, 1992−1995 йилларда Андижон вилоят ҳокимлигининг 1-тоифали мутахассиси, 1995−2000 йилларда Избоскан тумани ҳокимлиги хусусийлаштириш бўлими мутахассиси, бош мутахассиси бўлиб ишлаган.

2000−2006 йилларда Андижон вилоят ҳокимлигининг етакчи мутахассиси, 2006−2007 Маданият ходимлари касаба уюшмаси Марказий Кенгашининг Андижон вилоятидаги вакили, тармоқ раислари Кенгашининг раиси, 2010−2013 йилларда Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси раисининг ўринбосари, 2013−2020 йилларда Ўзбекистон Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси вазифаларида фаолият кўрсатган.

Бухоро вилояти

Вилоят ҳокимининг қарори билан вилоят ҳокимининг ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига Ибрагимова Фируза Баходирхоновна тайинланди.


У бунга қадар вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.

Фируза Ибрагимова 1970 йил 24 ноябрда Бухоро шаҳрида туғилган. 1992 йилда Бухоро давлат педагогика институтини тугатган.

У 1993 — 2015 йилларда Бухоро давлат тиббиёт институтида ишлаган. 2015−2018 йилларда Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари ҳамда Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмиталари аъзоси сифатида, 2018−2020 йилларда Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари — вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида фаолият олиб борган.

Жиззах вилояти

Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига Мухторова Назира Абдусатторовна тайинланди.

У бунга қадар 2020 йилнинг февраль ойидан буён Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари- маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Қашқадарё вилояти

Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига Карамова Комила Зайдуллаевна тайинланди.

У бунга қадар вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган.

Навоий вилояти

Навоий вилояти ҳокимининг қарори билан вилоят ҳокимининг ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига Мамадиярова Малика Таджиевна тайинланди.

У бунга қадар Навоий вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари — вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасида ишлаб келаётган эди.

Наманган вилояти

Наманган вилояти ҳокими ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига Якубова Динора Исаковна тайинланди.


У бунга қадар Наманган вилояти Ишга марҳамат моно маркази директори вазифасида ишлаб келаётган эди.

Динора Исаковна 1970 йилда Фарғона шаҳрида туғилган. 1994 йилда Наманган давлат университетини тамомлаган.

Динора Якубова меҳнат фаолиятини 1987 йилда Косонсой туманида боғча тарбиячилигидан бошлаган. 1990−1997 йилларда халқ таълими тизимида ўқитувчи, 2004−2006 Косонсой енгил саноат касб-ҳунар коллежи услубчи, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимларида ишлаган.

2012−2017 йилларда Наманган муҳандислик технология институти қошидаги 2-сон академик лицейи директори, 2017−2020 йилларда Косонсой тумани мактабгача таълим бўлими бошлиғи, 2020−2021 йилларда Косонсой тумани ҳокимининг ўринбосари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи, 2020−2021 йилларда Бандлик бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимларида меҳнат қилган.

Самарқанд вилояти

Самарқанд вилояти ҳокимининг тегишли қарори билан Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига Рахманова Зебинисо Пулатовна тайинланди.

Сурхондарё вилояти

Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи ловозимига Хидирова Зулхумор Абдирашидовна тайинланди.

У 1968 йилда Шўрчи туманида туғилган. 1992 йилда ҳозирги Термиз давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги — филолог, она тил ва адабиёти.

Меҳнат фаолиятини 1985 йилда Қумқўрғон туманидаги «Юлдузча» болалар боғчаси тарбиячиси вазифасидан бошлаган.

1992−2006 йилларда тумандаги 7-умумтаълим мактаби, 2006−2015 йилларда 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, 2015−2017 йилларда 1-умумтаълим мактаби директори ўринбосари, 2017−2020 йиларда туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, 2020−2021 йилларда туман ҳокимининг ўринбосари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган.

2021 йилдан Сурхондарё вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Сирдарё вилояти

Вилоят ҳокимининг қарори билан вилоят ҳокимининг ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи лавозимига Тожибаева Наргиза Келдибековна тайинланди.


У бунга қадар вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.

Фарғона вилояти

Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига Кавланова Камила Анваровна тайинланди.


У бунга қадар Тошлоқ тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари — туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида фаолият олиб бораётганди.

Камила Кавланова 1962 йилда Марғилон шаҳрида туғилган. 1983 йилда Тошкент давлат маданият институтини тамомлаган.

Камила Кавланова 1983−1996 йилларда Тошлоқ тумани маданият бўлимида турли лавозимларда меҳнат қилган. 1996−2010 йилларда туман ҳокимлигининг хотин-қизлар масалалари бўйича, оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари бўйича бош мутахассиси бўлиб фаолият олиб борган.

2010−2020 йилларда эса Тошлоқ туман ҳокимининг ўринбосари-хотин-қизлар қўмитаси раиси, 2019−2020 йилларда «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Фарғона вилояти бошқармаси раҳбари, 2020 йилда Фарғона вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2020−2022 йилларда Тошлоқ тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари, туман ҳокимининг жамоатчилик билан ишлаш бўйича маслаҳатчиси бўлган.

Хоразм вилояти

Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига Курбанбаева Гулсара Ахмедовна тайинланди.

У бунга қадар вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Тошкент вилояти

Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига Миргазиева Зуҳра Тўраевна тайинланди.


У бунга қадар Тошкент вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Зуҳра Миргазиева 1978 йилда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2001 йилда Тошкент Давлат Педагогика университетини тамомлаган. Фаолиятини 1996 йил 76-мактабда ўқитувчи вазифасидан бошлаган.

Зуҳра Миргазиева 2009 йилдан 2020 йилга қадар Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар ҳокимлигида турли масъул лавозимларда ишлаган.

Тошкент шаҳри

Нодира Умарова шаҳар ҳокими ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимига Умарова Нодира Нигматуллаевна тайинланди.


Нодира Умарова 1969 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат педагогика институти ва Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиш академияси (ҳозирги Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси)ни тамомлаган.

2018 йилдан ҳозирги вақтгача Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи мономарказ директори бўлиб ишлаган.