5 мартга қадар Украинадан жами 3245 нафар ўзбекистонлик эвакуация қилиниб, 14 та авиарейс ёрдамида Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда ТИВ расмий вакили Юсуп Кабулжанов хабар берди.

Таъкидланишича, 4−5 март кунлари Украинадан Польшанинг Катовице аэропорти орқали 666 нафар Ўзбекистон фуқароси Тошкентга олиб келинган. Улар орасида 89 нафар аёл киши, 59 нафар вояга етгаман шахс ва 8 нафар чақалоқ бўлган.

5 март куни ҳам қатор рейслар амалга оширилиши режалаштирилган, дейилади хабарда.

Ўзбекистонниг Киев шаҳридаги элчихонаси саъй-ҳаракатлари билан Трускавец шаҳрида даволанаётган 20 нафар ўзбекистонлик эвакуация қилинган.

«Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси ватандошлар билан доимий мулоқот олиб бормоқда. Дипломатлар Украинанинг турли нуқталарида, шу жумладан, жанг ҳаракатлари давом этаётган ҳудудларда бўлиб, фуқароларимизни эвакуация қилиш ишларини амалга оширмоқдалар», — дейилади хабарда.

Шу қаторда Суми вилояти маъмурияти билан бу ердаги олийгоҳларда ўқиётган 25 нафар талабани олиб чиқиш учун «яшил йўлак» очиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.

Аввалроқ, Украинадан Польша чегарасига кираверишда уч нафар ўзбекистонлик йўл транспорт ҳодисасига учрагани ҳақида ёзгандик. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курмановнинг маълум қилишича, улардан бири вафот этган, қолган икки нафари эса Львовдаги шаҳар касалхонасига ётқизилган.

Эслатиб ўтамиз, 4 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Украинадан эвакуация қилинган талабалар Ўзбекистондаги ОТМларда ўқишини давом эттириши учун барча шароитлар яратиб берилишини маълум қилганди. «Украина олийгоҳларида 370 дан зиёд ёшларимиз таълим олмоқда ва шундан 200 га яқини Ватанга қайтарилди. Қолганларини ҳам яқин 1 ҳафтада қайтариш учун барча чораларни кўраяпмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.