Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курманов ўзининг Facebook`даги саҳифаси орқали Польша чегарасида уч нафар ўзбекистонлик йўл транспорт ҳодисасига учрагани ҳақида хабар берди.

«Ўзбекистоннинг уч фуқароси: Ҳакимов Отабек Равшанбек ўғли (2001 й.т.), Хусаинов Беҳзод Жамолиддин ўғли (2001 й.т.) ва Солоҳиддинов Шерзод Шавкат ўғли (2001 й.т.) Польша чегарасига кираверишда автоҳалокатга учради», — деб ёзади элчи.

Фожиа натижасида Отабек Ҳакимов воқеа жойида вафот этган, қолган икки фуқаро эса Львовдаги шаҳар касалхонасига етказилган.

Ушбу воқеаларни инобатга олиб, Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси кўнгиллилари гуруҳи вакили, малакали шифокор Темурбек Юсупов Львовга жўнатилди. Унинг Львовга 5 март куни келиши кутилмоқда.

«Ҳакимов Отабекнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган ҳолда, жабрланган ватандошларнинг барча қариндошлари ва яқинларини ишонтириб айтамизки, элчихона уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жумладан, дори-дармонлар билан таъминлаш ва Украинанинг етакчи шифокорлари билан маслаҳатлашиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширади», — дейилади хабарда.

Шунингдек элчихона Отабек Ҳакимовнинг жасадини халқимиз анъаналарига мувофиқ, мумкин бўлган энг тез вақтда ўз Ватанига жўнатиш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини қўшимча қилинган.

Элчи Алишер Курманов мазкур масалани ҳал қилиш Украинада олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар ва оммавий эвакуация туфайли мураккаблашаётганини тушунишни сўраган.