АҚШ Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши муносабати билан россиялик сиёсатчилар, тадбиркорлар ва уларнинг оила аъзоларига қарши янги санкциялар пакетини жорий қилди, деб хабар бермоқда Оқ уй.

Қуйидаги олигархларга тўлиқ блоклайдиган санкциялар қўлланилди ва уларнинг активлари музлатиб қўйилди:

  • миллиардер Алишер Усмонов (супер яхта, шахсий самолёт);
  • Транснефть президенти Николай Токарев (рафиқаси Галина, қизи Мая ва иккита ҳашаматли кўчмас мулк сотиш компанияси);
  • тадбиркорлар Аркадий Ротенберг (ўғиллари Павел, Игорь ва қизи Лилия) ва Борис Ротенберг (рафиқаси Карина, ўғиллари Роман ва Борис);
  • «Путиннинг ошпази» номи билан машҳур Евгений Пригожин (учта компанияси, рафиқаси Полина, қизи Любов ва ўғли Павел);
  • ВEБ.РФ (Давлат тараққиёт корпорацияси) раҳбари Игорь Шувалов (бешта компанияси, рафиқаси Ольга, ўғли Евгений ва унинг компанияси, самолёти, қизи Мария ва унинг компанияси);
  • «Ростех» раҳбари Сергей Чемезов (рафиқаси Екатерина, ўғли Станислав ва ўгай қизи Анастасия);
  • Дмитрий Песков, президент Путиннинг матбуот котиби.

«Бу шахслар ва уларнинг оила аъзолари АҚШ молия тизимидан узилади, уларнинг Қўшма Штатлардаги активлари ва мулклари музлатилади», — дейилади Оқ уй баёнотида.

АҚШ Алишер Усмоновни Россиянинг энг бой одамларидан бири ва «Путиннинг яқин иттифоқчиси» деб атайди.

«Унинг мол-мулки, жумладан унинг иттифоқдошимиз Германия томонидан мусодара қилинган дунёдаги энг йирикларидан бири бўлган [Dilbar 600 миллион долларлик] супер яхтаси ва Россиядаги энг йирик самолётларидан бири бўлган хусусий самолёти АҚШда ва америкалик шахслар томонидан фойдаланиш учун блокланади», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, АҚШ 19 нафар россиялик олигарх ва уларнинг 47 нафар оила аъзолари ва яқинларига нисбатан виза чекловларини жорий қилмоқда.

Шунингдек, «нотўғри маълумотлар тарқатгани» учун Россиянинг 7 та ташкилоти, нашриётлари ва улар билан боғлиқ шахсларга нисбатан санкциялар қўлланилган. Уларнинг орасида:

  • Стратегик маданият жамғармаси;
  • «Одна Родина»;
  • «Ритм Евразии»;
  • «Камертон» журнали;
  • SouthFront;
  • «Инфорос» агентлиги;
  • «Новое восточное обозрение» (New Eastern Outlook);
  • Oriental Review;
  • United World International веб-сайти.

Маълумот учун, Буюк Британия ҳам Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари туфайли Алишер Усмонов ва Россия бош вазирининг собиқ ўринбосари Игорь Шуваловга нисбатан санкциялар киритган эди.

Унга кўра, икки тадбиркорнинг умумий активлари 19 млрд долларни ташкил этади, санкциялар дарҳол кучга киради.

Хабарда айтилишича, Алишер Усмонов Англиянинг «Арсенал» ва «Эвертон» футбол клубларида сезиларли манфаатларга эга. Унинг Лондонда 48 млн фунтлик уйи ва Суррей графлигида кўчмас мулки бор.

Игорь Шуваловнинг Буюк Британиядаги активлари орасида Лондон марказидаги 11 млн фунт стерлингга баҳоланган иккита квартираси бор.

28 февраль куни Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатини кенгайтирди, уларда Алишер Усмоновдан ташқари яна 25 киши бор эди. Душанба куни тадбиркор Европа Иттифоқи санкциялари туфайли Халқаро қиличбозлик федерацияси раҳбари лавозимини «адолат тикланмагунча» тўхтатиб туришга қарор қилди.

Европа Иттифоқи рўйхатида у Қримнинг аннексия қилиниши ва Украинадаги беқарорлик учун масъул бўлган Россия расмийларини қўллаб-қувватлагани айтилади. Тадбиркор ўз шаъни ва обрўсини ҳимоя қилишини айтди.

Ўзбекистонда тадбиркор Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази қурилишини молиялаштирмоқда, Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлаш, жумладан, модернистик архитектурани қайта тиклаш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди. У билан боғлиқ бўлган Россия компаниялари «Капиталбанк» ва «Оҳангаранцемент» акцияларини сотиб олган.