БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши зудлик билан Россия томонидан Украинада бошланган ҳарбий ҳаракатлар муносабати билан инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни текшириш учун мустақил халқаро комиссия тузишга қарор қилди. Бу ҳақда Deutsche Welle нашри хабар берди.

Ушбу қарорни 32 давлат қўллаб-қувватлади, 13 давлат бетараф ва фақат иккита давлат, Россия ва Эритрея қарши овоз берди. Ўзбекистон, Арманистон, Қозоғистон, Ҳиндистон, Покистон каби давлатлар бетараф бўлган.


Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш «Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги натижасида инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва суистеъмол қилиниши, шу билан бирга, халқаро инсонпарварлик ҳуқуқининг бузилишини кескин тарзда» қоралади.

Киев томонидан тақдим этилган резолюция матнида «Россия қўшинлари ва Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган қуролли гуруҳларни Украинанинг барча ҳудудларидан зудлик билан ва текширилиши мумкин бўлган ҳолда олиб чиқиб кетиш» талаб қилинди. «Адолатли иш учун овоз берган барчага миннатдорчилик билдираман», деди Украина делегацияси раҳбари овоз бериш натижаларидан кейин.

Ушбу овоз бериш мустақил халқаро тергов комиссиясини тузишга замин яратади. Қарорда «айбдорларнинг жавобгарликка тортилишини таъминлаш мақсадида» «ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ва ҳуқуқларни суиистеъмол қилиш факти, ҳолатлари ва сабабларини аниқлаш» ҳамда далиллар тўплаш учун уч нафар терговчини тайинлаш талаб қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Бош Ассамблеяси «Украинага қарши тажовуз» резолюциясини қабул қилиб, Россиядан ўз қўшинларини Украина ҳудудидан зудлик билан олиб чиқиб кетишни талаб қилганди. Уни 141 давлат ёқлаб, 5 давлат қарши, 35 давлат бетараф овоз берганди.