Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси чоршанба куни Россиядан Украинадаги куч ишлатишни тўхтатиш ва қўшинларини зудлик билан олиб чиқишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди, деб хабар берди БМТ ахборот хизмати.

Резолюция қабул қилиниши учун 141 давлат овоз берди, 35 давлат бетараф қолган бўлса, 5 давлат: Россия, Беларус, Сурия, Шимолий Корея ва Эритрея қарши овоз берди.

Ўзбекистон овоз беришда қатнашмади. Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов ҳозир Тошкентда бўлиб турибди.

96 давлат ҳамкорлигида қабул қилинган «Украинага қарши тажовуз» резолюцияси Россия Федерациясидан қуйидагиларни талаб қилади:

  • «барча қуролли кучларини Украина ҳудудидан халқаро тан олинган чегаралари доирасида дарҳол, тўлиқ ва сўзсиз олиб чиқиб кетиш»;
  • «Украинага қарши куч ишлатишни зудлик билан тўхтатиш ва БМТга аъзо ҳар қандай давлатга қарши ҳар қандай ноқонуний таҳдид ёки куч ишлатишдан сақланиш»;
  • «Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларининг айрим вилоятлар мақоми тўғрисидаги қарорини дарҳол ва сўзсиз бекор қилиш.»

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси «Россия Федерацияси томонидан БМТ Низомининг 2-моддасини бузган ҳолда Украинага қарши амалга оширган тажовузини» «қатъий равишда» қоралади, дейилади резолюцияда. Унинг ҳаммуаллифлари Россияни БМТ Низоми тамойилларига риоя қилишга чақирди ва Минскни халқаро мажбуриятларини бажаришга чақирган ҳолда «Беларуснинг Украинага қарши ноқонуний куч ишлатишдаги иштироки»дан афсусдалигини билдиришди.

Ҳужжат барча томонларни Минск келишувларига риоя этишга, келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилишга ҳамда тинч аҳолини ҳимоя қилишга ва ёрдам кўрсатиш учун шарт-шароит яратишга мажбурлайдиган халқаро гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақиради.

Махсус сессия БМТ Хавфсизлик Кенгашида ўтган якшанба куни бўлиб ўтган овоз бериш ва 1950 йилда қабул қилинган «Тинчлик учун бирлик» резолюцияси асосида ўтказилмоқда. Ушбу тартиб Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоларидан бирортасининг вето қўйиш ҳуқуқини четлаб ўтишга имкон беради, зеро аввалроқ Россия Хавфсизлик Кенгашида Украина ҳудудида унинг ҳаракатларини қораловчи резолюцияни блоклаган эди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 11-фавқулодда фавқулодда сессияси уч кун давом этди, унда 100 дан ортиқ делегациялар унинг минбаридан халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилди.

Сессиянинг биринчи кунида БМТ бош котиби қон тўкилишини тўхтатиш, аскарларни казармаларга қайтариш, мулоқотга киришиш, шунингдек, тинч аҳолини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларини, Украина суверенитети, мустақиллиги ва унинг халқаро тан олинган чегаралари доирасида ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирди.