26 яшар Мадина бошқа гулларга нисбатан атиргуллар ва нилуфар гулларни кўпроқ яхши кўради. У Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшайди. Икки яшар қизи бор, шунингдек, II гуруҳ ногирони бўлган турмуш ўртоғини таъминлаш ҳам аёл зиммасига тушган. Мадина турмуш ўртоғининг руҳий саломатлигида муаммолар борлиги ҳақида оила қурганидан сўнг хабар топган. Айтишича, эрининг яқинлари ундан бу муаммони яширишган.

Оиланинг фаровонлиги Мадинага боғлиқ. Эри ишламайди. Аёлга баъзида отаси ва акаси ёрдам бериб келишади. Қайнона-қайнотасининг нафақалари уларнинг ўзларини эҳтиёжини зўрға қоплайди. Маҳалла қўллаб-қувватлаб келади: озиқ-овқат маҳсулотлари, памперслар бериб туришади.

Мадина айнан маҳалла қўмитаси вакилларидан аёллар учун мўлжалланган флористика бўйича бепул курслар ҳақида хабар топган.

«Ўшанда хаёлимга қоғоздан гул ясашга ўргатишади, деган фикр келган. Аммо тирик гуллар билан ишлашимиз, бу курс бизга флорист касбига йўл очишини ҳеч кутмаганман», — дейди Мадина.


Флористика курси битирувчилари Муборак Мухримова (марказда) билан. Фото: Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.

Аёл янги имкониятлар ҳақида гапираётганида, кўзларида учқун пайдо бўлади. У оиласига ёрдам бериш учун ҳам ишлашни жуда хоҳлайди. Ўз маҳалласига яқин жойда бозор борлиги, уни ҳудудида гул дўкони очилгани ҳақида гапиради. Мадина ўша дўконга флорист бўлиб ишга киришни режалаштирмоқда. Аммо ҳозирча уйда ишлашга мажбур, чунки яқин-яқин вақтгача ҳаётида ягона қувончи бўлган қизига энага ёллаш учун пул тўплаши керак.

«Яқингача дунё қоронғи, имконсиз кўринарди. Ўта тушкун кайфиятда эдим, ҳеч нарса хоҳламасдим. Гуллар билан ишлай бошлагач, кайфиятим кўтарилди, ҳаётга нисбатан муносабатим ҳам ўзгарди», — дея ҳикоя қилади у.

Бепул курсда таҳсил олувчи 12 нафар хотин-қизларнинг ҳаётидаги қоронғиликлар, ёруғликларга нисбатан сал узайиб кетгандек. Бири аллақандай ҳаётий вазият туфайли иложсиз қолган, яна бири маиший зўравонликка дуч келган.

«Дастлабки машғулотларга камгап, ўзларига умуман ишончи бўлмаган аёллар келган эди. Ҳозир ҳаммаси тамоман бошқача. Яшашга, ўсишга хоҳиш пайдо бўлган уларда», — дейди «Sabr» ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази директори Мавлудахон Ширинова.


Мавлудахон Ширинова (чапда), Буюк Британия элчиси Тим Торлот ва Муборак Мухримова (ўнгда). Фото: Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.

Sabr Республика маркази 25 йилдан буён фаолият юритиб келади. Сўнгги беш йилда фаолиятининг асосий йўналиши сифатида кам таъминланган аёлларни касбий кўникмаларга ўқитишни танлаган.

Шу боис, Toshkent Gullari гуллар салонлари тармоғи арт директори ва флористика мактаби асосчиси Муборак Мухримова Мавлудахон Шириновага касб-ҳунар ўрганишга, ўқишга имкони бўлмаган аёллар учун флористика бўйича бепул курсни ташкил этиш таклифини берганида, бу режани дарҳол амалга оширишга келишилган. Ташаббусни Буюк Британия элчихонаси қўллаб-қувватлаган.

Интенсив ўқув курслари дастури Муборак Муҳримова томонидан ишлаб чиқилган.

«Курсларда дастур асосини ташкил этувчи базавий билимларни эгаллаб, қўрқмасдан гуллар салонига флорист ёрдамчиси сифатида ишга бориш мумкин», — дейди Муборак Мухримова.

Гулдасталар ва гуллардан композициялар ясашдан ташқари, хотин-қизларни совғалар тайёрлаш ва сарпо учун мўлжалланган анъанавий саватларни безатишни ҳам ўрганганлар. Муборак Мухримованинг сўзларига кўра, бу хизматга бозорда талаб катта, шундай экан, бу баъзи сабабларга кўра фақат уйдан ишлай оладиган аёллар учун даромад манбаига айланиши мумкин.

Аёллар шунингдек, хонаки гулларни парваришлар бўйича ҳам базавий билимларга эга бўлишган.

«Кўпинча ташкилотлар офис учун ўсимликларни харид қилишади, бироқ уларни парваришлайдиган одам топилмайди. Шу боис, бу ҳам энг талабгир хизматлардан бири саналади. Тупроқ, гуллар билан ишлашни яхши кўрадиганлар ўзига иш топа олади, ҳатто шахсий тадбиркорликни ҳам йўлга қўйишлари мумкин — бу истиқболли йўналишлардан бири», — дейди Муборак Мухримова.


Фото: Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.

Курсда қатнашадиган хотин-қизларни топиш билан Мавлудахон Ширинова шуғулланган. У Тошкент вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар билан ишлайдиган Nihol ННТга ҳамда вилоят ҳокимиятига мурожаат қилган.

Биргаликда 12 аёлдан иборат гуруҳни шакллантиришган. Уларнинг айримлари бунга қадар ҳам уйда совғаларни тайёрлаш билан шуғулланишган бўлса, ораларида яна бирлари бозорлардаги гул дўконларида ишлаб келишган. Аммо уларни ҳаммасини янги билим олишга, профессионаллик жиҳатдан ўсишга имкон йўқлиги бирлаштириб турарди.

«Тажрибамиздан чиқиб айтишим мумкин, аксарият аёллар оддий транспорт харажатига пул топа олмагани сабабли, шаҳарга ўқишга келмайди», — дейди Мавлудахон Ширинова.


Фото: Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.

Ташқилий масалалар, жумладан, йўл сарф-харажатлари, озиқ-овқат масаласи ечимини Буюк Британия элчихонаси ўз зиммасига олган.

Сертификатни топшириш маросимида Буюк Британия элчиси Тим Торлот шундай деди: «Биз аёлларга янги карьера ва ҳатто ўз бизнесини барпо этишга имкон берадиган ғояни амалий инструментлар билан таъминлаш ташаббусини қўллаб-қувватлашдан четда қололмасдик».

Элчи ўз сўзида барчага маълум афсусланарли бир фактга эътибор қаратди: аёллар сони қарор қабул қилиш даражасида сиёсатда, илмда кам намоён бўлмоқда. Аёллар даромади аксарият ҳолатда эркаклар даромадидан кам, аёллар учун сифатли иш жойлари ҳам чекланган.

«Ўзбекистон бу муаммо устида ишламоқда. 2019 йилнинг сентябрида мамлакат гендер тенглик тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Яқинда Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига қўшилди ва аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича глобал ҳамкорликни ривожлантиради. Буюк Британия бу мавзуни тарғиб қилишда ёрдам беришга тайёр», — деди Тим Торлот.

Элчи ҳозирча ишлар олий сиёсий даражада олиб борилаётгани, ҳамжамиятлар даражасида ҳам ҳаракат қилиш муҳимлигини қайд этди.

«Биз вазиятни яхши томонга ўзгартирадиган ва янги имкониятларни яратадиган ташаббусларни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Пировардида, ҳар бири алоҳида инсонга, ўз олдига янги мақсадларни қўйган аёлга бориб тақалмоқда» , — деди Тим Торлот.

Sabr Республика маркази курс якунидан кейин тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлган хотин-қизларга микромолия дастурини амалга ошириш доирасида ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.