«Газета.uz» коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссиясининг чоршанба куни бўлиб ўтган йиғилишида, 1 мартдан очиқ ҳавода ва жамоат жойларида мажбурий ниқоб тақиш тартибини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида хабар қилган эди. Эндиликда транспорт воситаларида, савдо шахобчаларида, бозорларда, ташкилотларда, таълим муассасаларида, маданий-кўнгилочар объектлар ва бошқа муассасаларда ниқоб тақиш тавсия характерига эга бўлади.

Йиғилишда иштирок этган «Газета.uz» мухбири бошқа бир қатор карантин чекловлари, шу жумладан, умумий овқатланиш жойлари ва жамоат транспорти билан боғлиқ чекловлар бекор қилингани тўғрисида хабар берди.

Мазкур қарор, карантин муносабати билан умумий овқатланиш шахобчалари ва кўнгилочар объектлар (ресторанлар, кафелар, ошхоналар, чойхоналар, тунги клублар, караоке, бильярд заллари ва компьютер хоналари ва бошқалар) иш вақтига нисбатан соат 8:00 дан 20:00 гача деб белгиланган чекловларнинг бекор қилинишини назарда тутади. Ушбу талаб ўтган йилнинг 28 июнида жорий этилган бўлиб, 10 августдан бошлаб соат 20:00 дан кейин ишлашга фақат ходимлари камида икки дозада вакцина олган муассасаларгагина рухсат берилган эди. Энди барча муассасалар иш вақти билан боғлиқ чекловларсиз фаолият олиб боришлари мумкин.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида умумий овқатланиш жойлари ва жамоат транспорти ҳаракатланувчи таркиби умумий сиғимидаги ўринларни 50 фоизгача қисқартириш талаби ҳам бекор қилинди. Бу чекловлар ўтган йилнинг апрель ойида жорий қилинган эди.

«Амалда бу талабларга риоя қилинмайди. Шунинг учун уларни бекор қилиш керак», — деди Санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлигини сақлаш хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиев жамоат транспортидаги вазиятга тўхталар экан.

Қайд этиш жоизки, мазкур талабга бошиданоқ риоя қилинмаган. Шунингдек, ўша вақтда йўналишларда автотранспортлар сони кўпайтирилиши назарда тутилган эди, бироқ ўтган йили янги ҳаракатланиш таркиби харид қилинмади.

Бош вазир Абдулла Арипов мазкур чекловларнинг бекор қилинишини «одатий ҳаёт тарзига қайтишнинг дастлабки қадамларидан бири» деб атади.

Ўзбекистонга ташриф буюрувчи барча учун 48 соатдан ортиқ бўлмаган муддат ичида топширилган ПЗР тести натижаси бўйича манфий натижали маълумотномани тақдим этиш талаби сақланиб қолмоқда. Маълумотнома мавжуд бўлмаган тақдирда, COVID-19 учун экспресс тестдан ўтиш талаб этилади.

«Ҳозирги кунда ҳам коронавирус билан касалланиш ҳолатлари учраб турибди. Шу боис, ҳозирча ушбу тартибни вақтинчалик сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ», — дея қайд этди Баҳодир Юсупалиев.

Аввалроқ иш берувчиларга қўл остидаги ишчи-хизматчиларнинг коронавирус инфекциясига қарши эмланганлик, шу жумладан, бустер доза билан эмланиш даражаси 90 фоиздан кам бўлмаслигига эришиш мажбурияти юклатилганлиги ҳақида хабар қилинган эди. Эмланмаганлар ишдан вақтинча четлатилиши лозим.