Пандемия билан боғлиқ мураккаб эпидемиологик вазиятда ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида кўп сонли тадбиркорларнинг илтимос ва мурожаатларини инобатга олиб, Республика махсус комиссияси умумий овқатланиш объектлари фаолияти учун белгиланган чекловларни юмшатиш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шундай қилиб, 10 августдан эътиборан:

  • умумий овқатланиш объектлари — ресторан, кафе, ошхона ва чойхоналарнинг ишчи ва ходимлари (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ходимлари бундан мустасно) коронавирусга қарши вакцинанинг (туридан қатъи назар) камида 2 та дозаси билан эмланганлиги тўғрисидаги сертификати бўлган тақдирда, уларга нисбатан соат 8:00 дан 20:00 гача ҳамда фақат очиқ ҳавода фаолият кўрсатиши билан боғлиқ карантин чекловлари татбиқ этилмайди.
  • умумий овқатланиш объектларига коронавирусга қарши вакцина билан эмланганлиги тўғрисидаги QR-коди ёки сертификати мавжуд бўлган ташриф буюрувчиларни киритиш тавсия этилади (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлганлар бундан мустасно).

2021 йил 1 октябрдан бошлаб тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш субъектларининг ишчи ва ходимлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлганлар бундан мустасно) коронавирусга қарши вакцинанинг (туридан қатъи назар) камида 2 та дозаси билан эмланганлиги тўғрисидаги сертификати бўлмаган тақдирда, уларнинг фаолият кўрсатиши вақтинчалик тўхтатилади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 28 июндан бошлаб республика бўйлаб кўнгилочар объектлар — ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари — кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига соат 8:00 дан 20:00 гача рухсат берилган эди. Чекловлар аниқ муддатга эмас, балки мамлакатда эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашувига қадар киритилган эди.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат бўйлаб 2 миллиондан ортиқ киши ресторан соҳасида ишлайди, ёки умумий овқатланиш объектлари соҳаси билан иш фаолияти боғлиқ. Рестораторлар кўп сонли одамлар пулсиз қолаётганлиги ҳақида огоҳлантиришган эди.

3 август куни иш берувчилар вакцина олмаган ходимларини ишдан четлатиш ҳуқуқига эга бўлишлари тўғрисидаги қонун президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди. Бундан олдин 14 тоифадаги (савдо ва хизмат объектлари, спорт мактаблари, кўнгилочар объектлар ва дам олиш зоналари, ҳарбийлар, умумий овқатланиш объектлари ва бошқалар) 18 ёшдан катта бўлган аҳоли қатламини мажбурий эмлаш бўйича тартиб жорий қилинаётганлиги ҳақида ёзган эди (тўлиқ рўйхат). Тартибга кўра, улар 1 сентябрга қадар коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозасини, 1 октябрга қадар иккинчи ва 1 ноябрга қадар учинчи дозасини олишлари керак. Саломатлик бўйича қарши кўрсатма бўлганлар бундан мустасно.