Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев Хавфсизлик кенгашининг Украина атрофидаги вазият муносабати билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган тезкор йиғилишини ўтказди, деб хабар берди Акорда матбуот хизмати.

Йиғилишда Қасим-Жомарт Токаев «ҳарбий-сиёсий ва санкция қарама-қаршилиги натижасида халқаро вазиятнинг муқаррар ёмонлашишининг салбий оқибатлари»га тезкорлик билан таъсир чораларини кўриш учун инқирозга қарши чоралар режасини зудлик билан қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.

Президент шунингдек, бош вазир Алихон Смаилов, Миллий банк раиси Галимжон Пирматов, бош вазир ўринбосари — ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, мудофаа вазири Руслан Жаксиликов ва бошқа идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини тинглади.

Давлат раҳбари Қозоғистон учун юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий ва бошқа хавфларни минималлаштириш бўйича топшириқлар берди.