Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ва унинг оила аъзоларига қарашли бўлган Sevimli TV`га давлат буюртмаларини берганлиги юзасидан маъмурий иш қўзғатилганди.

Тошкент шаҳар судларининг хабар беришича, 21 февраль куни, ЖИБ Чилонзор туман судида унга нисбатан маъмурий иш якунига етди ва суд қарори эълон қилинди.

Суд қарорига кўра Фирдавс Абдухолиқов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175−8-моддаси 4-қисмида (давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди. Унга БҲМнинг 30 баравари — 8,1 млн сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Ушбу қарор устидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартиб ва муддатда апелляция шикояти ёки протест бериш мумкинлиги қўшимча қилинди.

Мазкур ҳолат юқори даражадаги давлат хизматчисининг манфаатлар тўқнашуви учун жавобгарликка тортилган биринчи ҳолат ҳисобланади.

Хронология

Аввалроқ, 1 февраль куни Фирдавс Абдуҳолиқов Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий Ассоциацияси бошқарув раиси лавозимидан кетганди. Унинг ўрнига Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжа ассоциация раҳбари бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Sevimli телеканалидаги «Сабрия» телесериали танқидидан сўнг телеканал бош директори ва бош муҳаррири лавозимини тарк этганди, телеканал кузатув кенгашига эса вақтинчалик Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлик қиладиган бўлди. Бу АОКА «Сабрия» телесериалига экспертиза тайинланиши ортидан содир бўлди. «Газета.uz» бу ҳолат телеканал давлат буюртмаси асосида фильмлар суратга олишида манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Сабаби Sevimli телеканали таъсисчилари Фирдавс Абдуҳолиқовнинг қизи ва ўғли (Амира Рашидова — 20%, Абдуллажон Абдухолиқов — 10%) ҳисобланади.

Кейинчалик Кинематография агентлиги матбуот хизмати Sevimli телеканалида намойиш этилган «Сабрия» ва «Дайди қизнинг дафтари» сериаллари агентлик буюртмаси асосида суратга олинмаганини маълум қилди. Телеканал агентлик билан ҳамкорликда «Орзулар палатаси», «Она замин» ва «Тузок» сериалларини суратга олган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ва Sevimli телеканали раҳбарияти афилланганлиги юзасидан текширув ўтказиши айтилди.

Унинг натижаларига кўра, Фирдавс Абдухолиқов ва унинг турмуш ўртоғи, қизи ҳамда ўғли таъсисчилари бўлган Sevimli TV ўртасида шартномалар тузиш ва субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани аниқланди. Шундан сўнг ҳужжатлар қонуний чора кўрищ учун Бош прокуратурага юборилганди.