«Сабрия» миллий сериалидаги номақбул саҳна кўринишлари ортидан Sevimli телеканали бош директори ва бош муҳаррири ишдан бўшатилди, кузатув кенгашига эса вақтинча Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлик қиладиган бўлди. Жамоатчилик норозилигидан сўнг Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги экспертиза тайинлади. «Газета.uz» вазиятни ўрганди.

Сериал ҳақида

«Сабрия» — режиссёр Насиба Турсунованинг дебют иши. Телесериал 16 ёшли Сабрия исмли қиз ҳақида ҳикоя қилади. «Сабрия ва унинг йигитининг уятли қилмишидан сўнг, отаси уни 60 ёшли эркакка иккинчи хотин қилиб беришдан бошқа чораси қолмади», — дейилади IMDB порталидаги сериал тавсифида. Драма Сабрия ва унинг оиласи тақдири орқали жамият муаммоларини кўрсатишга ҳаракат қилади.

Сценарий муаллифи — Ўткирбек Қаҳҳоров. Бош ролларда Ширинбону Сотволдиева, Жаҳонгир Абдумўминович, Фатҳулла Маъсудов, Насиба Турсунова ва Гулхумор Абдуллаева. Sevimli TV сериални 2021 йил 30 ноябрда намойиш қила бошлаган.

Сериалнинг 32-сериясидаги лавҳа.

Ижтимоий тармоқларда сериалда номақбул саҳналар борлиги ҳақидаги танқидлар пайдо бўлгач, 18 январ куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вазиятни ўрганишга киришгани ва экспертиза тайинлаганини маълум қилди.

Sevimli TV телеканалидаги ишдан бўшатишлар

20 январь куни Sevimli телеканали таъсисчиларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди, унга Фирдавс Абдухолиқов ҳам таклиф этилди. Муассисларнинг қарори билан телеканал бош директори вазифасини бажарувчи Абдувоҳид Хўжаев ва бош муҳаррир Қаҳрамон Сайдалиев эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Жалолиддин Сафоев. Фото: ЭОАВМА.

Телеканал бош директори лавозимига аввал Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЭОАВМА) бош директори лавозимида ишлаб келган Жалолиддин Сафоев тайинланди. У, шунингдек, Фирдавс Абдухолиқовнинг ЭОАВМА Кузатув кенгашидаги ўринбосари бўлган. Фирдавс Абдуҳолиқовнинг ўзи эса телеканал кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб сайланди.

«Биз телеканал мухлислари ва жамоатчиликдан узр сўраймиз ва келгусида янги тайинланган бош директор, нафақат сериаллар, қолаверса, барча медиа маҳсулотларнинг ғоявий-бадиий жиҳатларига масъул эканлигини уқтирган ҳолда, барча чора- тадбирларни ишлаб чиқиши зарур», — дея унинг сўзларини келтириб ўтди ЎзА.

Комил Алламжоновнинг муносабати

Шу куни кечроқ Фирдавс Абдуҳолиқовнинг сўзларига Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ва Milliy TV телеканали таъсисчиси (66,7%) Комил Алламжонов муносабат билдирди.

«Шу масалани уйда келишиб олсангиз бўлмайдими? «Қалампир.уз»нинг ёзишича «Севимли» канали қизингиз ва ўғлингизга ҳам тегишли, сериалларнинг давлат маблағлари эвазига асосий буюртмачиси эса ўзингиз, кинолар сифатига ҳам асосий масъул ўзингиз бўлсангиз», — деди у.

КТЯДР маълумотларига кўра, Master Media Production And Broadcast компанияси (Sevimli телеканалига эгалик қилади) 2014 йилнинг апрелида рўйхатдан ўтган. Таъсисчилар сифатида Фируза Садридиновна Шарапова (70%), Амира Фирдавсовна Рашидова (20%) ва Абдуллажон Фирдавсович Абдухаликов (10%) кўрсатилган.

Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви

Фирдавс Абдухолиқов эндиликда бир вақтнинг ўзида ҳам Кинематография агентлиги, ҳам унинг қизи ва ўғли таъсисчилари бўлган Sevimli кузатув кенгашини бошқаради. Бу ҳолат телеканал давлат буюртмаси асосида фильмлар суратга олишида манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин.

Кинематография агентлиги матбуот хизмати «Сабрия» ва «Дайди кизнинг дафтари» сериаллари агентлик буюртмаси асосида суратга олинмаганини маълум қилди. Аввалроқ Sevimli агентлик билан ҳамкорликда «Орзулар палатаси», «Она замин» ва «Тузоқ» сериалларини суратга олган эди.

Ўзбекистон президенти 7 апрель куни Кинематография агентлиги буюртмаси бўйича фильмлар ишлаб чиқариш ва республика телеканаллари томонидан сериаллар яратишни субсидиялаш тартибини белгилаш тўғрисидаги қарорни имзолади (йилига 12 млрд сўм).

Ўзбекистон ҳудудида бадиий ва ҳужжатли фильмлар, сериаллар, мультфилмлар ва теледастурлар яратиш харажатларининг (чегирмаларининг) бир қисми Давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Ҳужжатда мазкур компенсацияларни тайинлаш тартиби (йилига 20 млрд сўм) белгилаб берилган.

2022 йилги давлат бюджетида давлат буюртмаси асосида миллий киномаҳсулотлар яратишга 90 млрд сўм сарфлаш кўзда тутилган.

«Газета.uz» аввалроқ «Сабрия» сериали билан боғлиқ ҳолат юзасидан Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева, Sevimli телеканали раҳбари Амира Рашидова ва Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов муносабатини эълон қилган эди.