Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ва Sevimli телеканали раҳбарияти афилланганлигини текширади. Бу ҳақда «Газета.uz»га агентлик матбуот котиби Дурдона Очилова хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, «манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги, давлат харидлари, шунингдек, субсидиялар ажратишда эҳтимолий қонунбузилиш ҳолатлари бўйича ўрганиш ва суриштирувлар олиб борилмоқда».

Пайшанба куни Sevimli телеканали таъсисчиларининг қарори билан телеканал бош директори вазифасини бажарувчи Абдувоҳид Хўжаев ва бош муҳаррир Қаҳрамон Сайдалиев эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди. Бу АОКА «Сабрия» телесериалига экспертиза тайинлаши ортидан содир бўлди.

Фирдавс Абдуҳолиқовнинг ўзи эса телеканал кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб сайланди. «Газета.uz» бу ҳолат телеканал давлат буюртмаси асосида фильмлар суратга олишида манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Сабаби Sevimli телеканали таъсисчилари унинг қизи ва ўғли (Амира Рашидова — 20%, Абдуллажон Абдухолиқов — 10%) ҳисобланади.

Кинематография агентлиги матбуот хизмати Sevimli телеканалида намойиш этилган «Сабрия» ва «Дайди қизнинг дафтари» сериаллари агентлик буюртмаси асосида суратга олинмаганини маълум қилди. Телеканал агентлик билан ҳамкорликда «Орзулар палатаси», «Она замин» ва «Тузок» сериалларини суратга олган.