Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ва унинг оила аъзоларига қарашли бўлган Sevimli TV`га давлат буюртмаларини берганлиги юзасидан маъмурий иш очилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

«Бош прокуратура томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тақдим этилган ҳужжатларга кўра, 25 январь куни Кинематография агентлиги бош директорига нисбатан МЖтКнинг 175−8-моддаси 4-қисмига (Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) кўра иш қўзғатилди», — дейилади хабарда.

Ушбу моддага кўра, Фирдавс Абдухолиқов БҲМнинг 20 бараваридан (5,4 млн сўм) 30 бараваригача (8,1 млн сўм) миқдорда жаримага тортилиши мумкин.

Бош прокуратура ҳужжатларни кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Чилонзор судига юборди.

Агар суд Фирдавс Абдухолиқовни айбдор деб топса, бу юқори даражадаги давлат хизматчисининг манфаатлар тўқнашуви учун жавобгарликка тортилган биринчи ҳолат бўлади.

Хронология

Аввалроқ, 1 февраль куни Фирдавс Абдуҳолиқов Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий Ассоциацияси бошқарув раиси лавозимидан кетганди. Унинг ўрнига Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжа ассоциация раҳбари бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Sevimli телеканалидаги «Сабрия» телесериали танқидидан сўнг телеканал бош директори ва бош муҳаррири лавозимини тарк этганди, телеканал кузатув кенгашига эса вақтинчалик Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлик қиладиган бўлди. Бу АОКА «Сабрия» телесериалига экспертиза тайинланиши ортидан содир бўлди."Газета.uz" бу ҳолат телеканал давлат буюртмаси асосида фильмлар суратга олишида манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Сабаби Sevimli телеканали таъсисчилари Фирдавс Абдуҳолиқовнинг қизи ва ўғли (Амира Рашидова — 20%, Абдуллажон Абдухолиқов — 10%) ҳисобланади.

Кейинчалик Кинематография агентлиги матбуот хизмати Sevimli телеканалида намойиш этилган «Сабрия» ва «Дайди қизнинг дафтари» сериаллари агентлик буюртмаси асосида суратга олинмаганини маълум қилди. Телеканал агентлик билан ҳамкорликда «Орзулар палатаси», «Она замин» ва «Тузок» сериалларини суратга олган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ва Sevimli телеканали раҳбарияти афилланганлиги юзасидан текширув ўтказиши айтилди.

Унинг натижаларига кўра, Фирдавс Абдухолиқов ва унинг турмуш ўртоғи, қизи ҳамда ўғли таъсисчилари бўлган Sevimli TV ўртасида шартномалар тузиш ва субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани аниқланди. Шундан сўнг ҳужжатлар қонуний чора кўрищ учун Бош прокуратурага юборилганди.