17 февраль куни Миллий олимпия қўмитаси Ижроқўмининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар берди қўмита матбуот хизмати.

Йиғилишда 2019 йилнинг май ойидан бери МОҚ раиси лавозимида ишлаб келган Рустам Шоабдураҳмоновнинг ўз хоҳишига кўра ёзган аризаси кўриб чиқилган.

Унинг аризаси Ижроқўм аъзолари томонидан қабул қилинган.

Миллий Олимпия қўмитасига янги раҳбар МОҚнинг навбатдан ташқари Бош Ассамблеяси йиғилишида сайланади.

Эслатиб ўтамиз, Рустам Шоабдураҳмонов мазкур лавозимда Умид Аҳмаджоновнинг ўрнини эгаллаганди. Бунга қадар эса Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига раҳбарлик қилган.

Рустам Шоабдураҳмонов шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дирекциясига раҳбарлик қилган. Ўз вақтида у Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида ҳам фаолият юритган.