Украина атрофида содир бўлаётган сўнгги янгиликлар

Украина Ахборот хавфсизлиги маркази 15 февраль куни Мудофаа вазирлиги, Қуролли кучлар, давлатга қарашли «Приватбанк» ҳамда «Ошадбанк» веб-сайтларига DDoS-ҳужуми уюштирилгани ҳақида хабар берди — ТАСС.

«Сўнгги бир неча соат ичида „Приватбанк“ катта DDoS-ҳужумига учради. „Ошадбанк“ ишида ҳам носозликлар бор, интернет-банкинг ишламаяпти. Мудофаа вазирлиги ва Украина Қуролли кучлари веб-сайтлари ҳам ҳужумга учраган», — дейилади хабарда

Шу тариқа, Украина Ахборот хавфсизлиги маркази банклар, Мудофаа вазирлиги ва Қуролли кучлар сайтларига ҳужум ортида Россия турган бўлиши мумкинлигини истисно этмади. Хабарда Россия тўғридан-тўғри тилга олинмаган, бироқ Украина расмийларининг баёнотларида ва Украина қонунларига кўра, айнан Россия расмий равишда «тажовузкор» деб аталади. 2015 йил январида Олий Рада Россияни «босқинчи давлат» деб тан олиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Москва Киевнинг бу айбловларини бир неча бор рад этган.

Украина МДҲ Антитерроризм маркази таркибидан чиқди

Украина Олий Радаcи мамлакатнинг МДҲга аъзо давлатлар Антитеррор марказини ташкил этиш тўғрисидаги қарори ва МДҲ давлатларининг Антитеррор маркази тўғрисидаги қароридан чиқиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Украина парламенти, шунингдек, 2006 йил 28 ноябрда Минскда имзоланган МДҲнинг Антитеррор маркази тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарордан ҳам чиқишни маъқуллади.

АҚШ Россиянинг Украина чегарасидан қўшинларини олиб чиқиб кетаётганини текширади

Қўшма Штатлар Россиянинг Украина билан чегарадан қўшинларнинг бир қисмини олиб чиқиш ҳақидаги баёнотлари ҳақиқатга мос келишига ишонч ҳосил қилиш ниятида, деди АҚШнинг НАТОдаги доимий вакили Жулиан Смит.

«Биз буни текшириб кўришимиз керак», — деди у брифингда Москванинг Украина яқинидаги машғулотларнинг бир қисми тугагани ҳақидаги баёнотига изоҳ бериш сўровига жавоб бериб.

Америкалик дипломатнинг сўзларига кўра, «бир-икки кун ичида бу масала бўйича қўшимча маълумотлар» берилади — Интерфакс.


Гондурас собиқ президенти наркотик контрабандаси иши бўйича ҳибсга олинди

Гондурас полицияси АҚШнинг экстрадиция қилиш ҳақидаги илтимосига биноан собиқ президент Хуан Орландо Эрнандесни ҳибсга олди. Қўшма Штатларда собиқ президент гиёҳванд моддалар контрабандаси, ўқотар қуролларни ноқонуний сақлаш ва ишлатишда айбланмоқда. Эрнандес Тегусигальпедаги уйидан қўлига кишан ва ўқ ўтказмайдиган жилет билан олиб чиқилган. Ундан сўнг тиббий кўрикдан ўтиш ва сўроқ қилиш учун полиция базасига олиб кетилган, дея хабар беради Reuters.

Сўров матнига кўра, Хуан Орландо Эрнандес 2004 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда наркотик моддалар контрабандаси билан шуғулланганликда айбланмоқда. Ҳужжатда айтилишича, собиқ президент Колумбия ва Венесуэладан АҚШга жўнатиш учун жами бир неча тонна кокаин етказиб беришда иштирок этган.

АҚШ ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, Эрнандес контрабандачиларни полиция ва прокуратурадан ҳимоя қилиш эвазига миллионлаб доллар пора олган. Бундан ташқари, сўровда собиқ президент ўқотар қуролларни, жумладан, пулемётларни қонунга хилоф равишда сақлаган, фойдаланган ёки ноқонуний фойдаланишга кўмаклашгани қайд этилган.

Икки ҳафта олдин Гондурас президентлигидан кетган Хуан Орландо Эрнандеснинг ўзи айбини тан олмади, барча айбловларни рад этди ва полиция билан ҳамкорлик қилишга ваъда берди. Экстрадиция иши икки-уч ой ичида кўриб чиқилиши мумкин.


Лондонда шаҳзода Чарлзга алоқадор саудиялик тадбиркорга нисбатан тергов бошланди

Скотлэнд-Ярд қиролича Елизавета II’нинг тўнғич ўғли, Уэльс шаҳзодаси Чарлзнинг хайрия жамғармасига хайрия қилиш эвазига саудиялик тадбиркор Маҳфуз Мареем Муборак бен Маҳфуз Британия фуқаролиги ва фахрий орденларини олгани юзасидан тергов бошлади.

«Бу [терговнинг бошланиши] саудиялик тадбиркорнинг мукофотлар ва [Буюк Британия] фуқароликни олиш учун [фондга] ёрдам берганлиги ҳақидаги ОАВ хабарлари билан боғлиқ», — дейилади Британия пойтахтидаги ҳуқуқ-тартибот идоралари баёнотида.

«Жамғарма иш учун тегишли бир қатор ҳужжатларни тақдим этди. Улар қолган маълумотлар билан бирга ўрганиб чиқилди. Материалларни таҳлил қилиб, тергов бошлашга қарор қилинди», — дейилади Скотлэнд-Ярд баёнотида. Таъкидланишича, айни пайтда ҳодиса ҳолатларини аниқлаш тартиби доирасида шубҳали операцияларга алоқадор бўлиши мумкин бўлган шахсларни ҳибсга олиш ва сўроқ қилиш ишлари амалга оширилмаган — ТАСС.


Таиланд потахти Бангкок шаҳрининг расмий номи ўзгарди

Таиланд ҳукумати Бангкокнинг расмий номини хорижий тилларда ёзишга қулай кўринишда ўзгартиришга қарор қилди. Энди шаҳар Krung Thep Maha Nakhon деб номланади (Таиланд тилидан «Фаришталар шаҳри, буюк пойтахт» деб таржима қилинган). Бу ҳақда сўз ва номларни ёзиш стандартларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва ўзгартиришга масъул бўлган Таиланд Қироллик илмий кенгаши баёнотида айтилди.

Агар янги ном махсус қўмита томонидан тасдиқланса, пойтахтнинг расмий номи Krung Thep Maha Nakhon барча ҳужжатларда, жумладан, чет тилларида ҳам қайд этилади, Бангкок эса шаҳарнинг норасмий номи сифатида қолади.

Таиландда пойтахт ҳар доим Krung Thep Maha Nakhon деб номланган, аммо бу шакл ҳам қисқартирилган. Шаҳарнинг тўлиқ номи 40 дан ортиқ индивидуал элементлардан иборат бўлиб, дунёдаги энг узун пойтахт номи ҳисобланади.

Аввалроқ Таиланд Вазирлар Маҳкамаси ҳудудлар, мамлакатлар, пойтахтлар ва маъмурий зоналар номларини янгилаш лойиҳасини маъқуллаган эди. Чет тиллардаги пойтахт номларини асл тилдаги номларнинг товушига мослаштириш тўғрисидаги қарор бир қатор давлатлар, жумладан Хитой томонидан ҳам қабул қилинган ва Пекиннинг инглизча номини Beijing’га ўзгартирган — Коммерсантъ.